Kasbim-faxrim

Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармаси: Вилоятимиздаги 290 та мактабгача таълим муассасасида 31 177 нафар нафар ўғил-қиз «Болажон» дастури асосида таълим-тарбия олишаяпти

Азал-азалдан ота-боболаримиз таълим ва тарбияни, илму маърифатни инсон камолоти ва юрт равнақининг юксалишида муҳим омил деб ҳисоблаган. Халқнинг эртанги куни, келажаги бўлган ўғил-қизларимизни миллий қадриятларимизни чуқур эъзозлайдиган, Ватан туйғусини теран англайдиган, мустаҳкам иймон-иродага эга бўлган инсонлар қилиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратишган. Шу боис, мустақилликнинг илк кунлариданоқ ёш авлод таълим-тарбияси давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди.
Яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган вилоятимиз педагоглари замонавий ахборот-коммуникация технологияларини таълим-тарбия жараёнига изчиллик билан татбиқ этаётгани боис, қувонарли натижаларни қўлга киритишмоқда. Эътиборлиси, уларнинг «Ҳар бир дарс очиқ дарс» шиори остида ўтаётган машғулотлари самарали бўлмоқда. Маҳоратли педагогларимиз тажрибаларини ёш муаллимларга ўргатаётганлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. «Устоз–шогирд» низоми асосида ҳамда «ўрган-ўргат», «Дарс–муқаддас» дастурлари бўйича уларга методик ёрдам кўрсатилаётир. Бундай жараён эндигина иш бошлаган ўқитувчиларнинг касб ва методик маҳорати ўсишида, илғор иш тажрибаларини ўзлаштиришида қўл келмоқда.
Муаллимларимизнинг маҳорати ошиб боришида босқичма-босқич ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг ўрни беқиёсдир. ўтган ўқув йилида Сариосиё туманидаги 9-мактабнинг физика фани ўқитувчиси Н.Қудратов, Қизириқ туманидаги 48-мактабнинг математика фани муаллими Музаффоров, Шўрчи туманидаги 42-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Х.Бўронов, Бойсун туманидаги 12-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Ў.Маъдиева, Термиз шаҳридаги 13-мактабнинг она тили фани ўқитувчиси Д.Шукурова, Узун туманидаги 4-ДИУМИ география фани муаллими И.Примов танловнинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Шунингдек, «Йилнинг энг яхши дарс ишланмаси» кўрик-танловининг республика босқичида Термиз шаҳридаги 16-мактабнинг меҳнат таълими муаллимаси Гулойим Нормуродова 1-ўринни эгаллаган бўлса, Денов туманидаги 26-мактабнинг иқтисодий билим асослари фани ўқитувчиси Шавкат Бобоқулов 2-Термиз туманидаги 9-мактабнинг она тили ва адабиёти фанлари муаллимаси Дилдора Нурмуҳаммедова 3-ўринни эгаллади.
Электрон дарсликлар, мультимедиа ресурслари ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўтилаётган машғулотлар, шунингдек, фан ойликларининг самарали ўтказилишига эътибор қаратилаётганлиги боис, ўғилқизларимизнинг фанга бўлган қизиқиши анча ортди. Улар билимлар беллашуви, фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичида устозлари ишончини оқлашяпти.
Фан олимпиадасининг III босқичида билимларини синовдан ўтказган
393 нафар ўқувчидан 72 нафари ғолибликни қўлга киритди ва йўналиши бўйича касб-ҳунар коллежи ҳамда академик лицейга танловсиз ўқишга кириш имтиёзли сертификатларини қўлга киритди. Худди шундай Билимлар беллашувининг вилоят босқичида иштирок этган 331 нафар ўқувчидан
27 нафари юқори балл тўплаб, ғолиб бўлди ва беллашувнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2012 йил
10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1875-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси-2016» кўрик-танловида ғолиб бўлган Термиз шаҳридаги 10-мактабнинг чет тили муаллимаси Л.Петросова, 1-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси А.Чулюкина, Термиз туманидаги 8-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Н.Юсупова 2017 йилнинг 20 январь, 3 февраль кунлари Буюк Британиянинг Глазго Каледония университетида малака ошириб қайтишди.
Инвестиция дастури доирасида 48 та мактабда капитал реконс-трукция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қурилиш ва таъмирлаш ишларига республика бюджетидан 42,7 млрд. сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, Жарқўрғон туманида қиймати 2978,6 млн. сўмлик 315 ўринли янги мактаб қурилиши ниҳоясига етай деб қолди.
Юртимизда мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси ҳам йилданйилга яхшиланиб бормоқда. Эътибор берсангиз, эндиликда МТМлар аввалгиларидан ҳар жиҳатдан фарқ қилади. Улар замонавий тарзда таъмирланиб, зарур бўлган жиҳозлар билан таъминланяпти. Ёруғ, шинам ҳар хил ўйинчоқлар билан тўлдирилган хоналарда тарбияланаётган болажонларни кўриб ҳавас қиласиз, албатта.
Вилоятимиздаги 290 та мактабгача таълим муассасасида 31 177 нафар нафар ўғил-қиз «Болажон» дастури асосида таълим-тарбия олишаяпти. Дастурда халқ ўйинлари, мусиқаси, санъат асарлари ва табиат йўналишига катта аҳамият берилган. Катта тажриба ва маҳоратга эга бўлган фидойи мутахассислар кўмагида улар компьютер технологияларини ўзлаштириш баробарида чет тилларини ўрганиб бормоқдалар. Бундай жараён болаларни ҳар томонлама камол топтиришга, мактаб таълимига тайёрлашда катта аҳамият касб этмоқда.
МТМларда кичик кутубхоналар ташкил этилди. Шунингдек, қишлоқ ҳудудларида МТМга қамраб олинмаган болаларни мактаб таълимига тайёрлаш мақсадида тарбиячи ва ота-оналарга ёрдам бериш мақсадида
20094 дона 7 номдаги китоблар тарқатилди.
Ўтган ўқув йилида эришилган муваффақиятлардан руҳланган педагогларимиз янги 2017–2018 ўқув йилига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришди. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» вилоятимиздаги 858 та мак-таб, 290 та мактабгача таълим муассасаси, 15 та «Баркамол авлод» маркази, 1 та «Меҳрибонлик уйи»да фаолият кўрсатаётган педагогларимиз зиммасига катта масъулият юклади.
Шу боис, ота-оналар таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда янги ўқув йилини янги ўзгаришлар билан бошлаяпмиз. Биринчи навбатда давлат таълим стандартлари такомиллаштирилди. Унга кўра математика, кимё, физика, биология фанлари янги дастур ва замонавий методлар асосида ўқитилади. Шунингдек, бу йилдан бошлаб бешинчи синфда чет тилини Европа таълим стандартлари асосида А2 даражасида ўқитиш бошланади.
Янги ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқувчилар
10-синфларда ўқишни давом эттиришади. 30 мингга яқин ўқувчи 10-синфда ўқишни давом эттириши кутилмоқда. Шу боис, уларнинг сифатли сабоқ олишлари учун 12 фан бўйича 39 минг 221 тўпламдаги дарсликларга буюртма берилди.
Янги ўқув йилида таълим масканларида 50747 нафар ўғил-қиз биринчи синфда ўқишни бошлайди.Уларнинг ҳар бири Президент совғаси сифатида 13 номдаги ўқув қуроллари ва 683 минг 722 нусхадаги дарслик, сумкаси билан таъминланади.
2017–2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг ўзбек, тожик ва рус тилларида таълим оладиган ўқувчиларнинг барчаси дарсликлар билан тўлиқ таъминланади. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оила фарзандларига ўқув қуроллари ва дарсликлар бепул тарқатилади.
Бу каби ғамхўрлик ва имкониятлар фарзандларимизнинг келажакда маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, ва албатта, бахтли инсон бўлиб вояга етишишида муҳим омил бўлади. Таълим тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар баркамол авлодни камол топтиришда муҳим роль ўйнайди.

ЭРГАШЕВ АБДУРАСУЛ КАМОЛОВИЧ,
вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи

Related Articles

Close