Madaniyat

Ичкуёвлигини сезмаётган куёвлар!

Диний уламоларимиздан бири ҳикоя қилади:
«Бир куни шаҳар кўчаларидан бирида машинамда кетаётган эдим. Бир-иккита йигит қўл кўтарди, тўхтаб, уловимга миндириб кетаётганимизда улар ўзаро тўй можаролари тўғрисида гапириб қолди. Ўз-ўзидан мен ҳам суҳбатга қўшилиб:
— Ҳой, йигитча, уйланганмисиз, оилангиз борми? — дедим.
— Ҳа, уйланганимга бир ҳафта бўлди, — деди у.
— Ичкуёвмисиз? — деб сўрадим. У эса бир сапчиб тушиб:
— Нима деяпсиз? Худога шукр, ичкуёв эмасман, — деди.
Мен унга қарата:
— Эгнингиздаги костюм-шимни келин олиб берганми? Кўйлакни-чи? Ичкийимларингиз, ҳатто, оёғингиздаги туфлини ҳам келин олиб берган бўлса керак-а? десам:
— Ҳа, шунақа… — деб жавоб берди.
Яна унга:
— Ҳозир уйингизга борсангиз, у ердаги барча жиҳозлар, кўрпа-тўшак, ётоқ учун диван, гилам, парда, идиш-товоқлар барчаси келин тарафдан келтирилган бўлса керак?
— Тўғри.
— Энди нима дейсиз, сиз ичкуёв бўлмасдан ким ичкуёв бўлиши мумкин? Ўзингизча, ичкуёв дегани фақагина келиннинг ота-онаси яшайдиган ҳовли-жойга бориб, улар билан бирга яшашга айтилади деб ўйлайсиз-да, а? — деб роса тушунтирдим…»
Бу ҳаётий воқеада кўпчиликка ёқмайдиган ёки тан олгиси келмайдиган бир ҳақиқат ўз ифодасини топган. Яқин ўтмишимизда «ичкуёв»лик ҳар қандай йигит учун ҳақорат, ор ҳисобланган. Мабодо, тақдир тақозоси ила маълум бир сабаб ва узрлар туфайли бирор йигит ичкуёв бўлиб оила қурса, тенгдошлари, улфат ва қавм-қариндош ичида бош кўтара олмас, унинг сўзнини ҳеч ким тингламас эди. Ваҳоланки, шариат нуқтаи назаридан қаралганда узрли ҳолатлар (келиннинг ота-онаси кекса бўлиб, қаровсиз қолиш хавфи бўлганда ёки куёв ўта камбағал ва ночор бўлганидан, келинни бошпана билан таъминлаш имкониятига эга бўлмаганида ва яна бундан ташқари баъзи ҳолатлар)да ичкуёв бўлиш ҳеч қандай айб эмас.
Ҳозир эса суратан ичкуёв бўлмаса ҳам маънан ва ҳақиқатан ҳар тарафлама ичкуёвлик кундан­-кунга «йигитлар» ичида урф, ҳаттоки фахрланиш, бир-бирларига мақтаниш воситаси бўлиб қолмоқда. Уйлфатчилик қилиб ўтирган ёшларнинг суҳбатига бир қулоқ тутсангиз бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Бир йигит: «Устимдаги пиджакни қайнонам қанча пулга олиб берганини биласанми, туфлини-чи? Яқинда машина ҳам ­олиб бермоқчи», деса, иккинчиси: «Менинг қайнотам ёғли ишга жойлаб қўйди», дейди.
Бунга ўхшаган «фахрланиш»ларнинг чеки йўқ. Юришлари эса оламни бузади. Агар уларнинг ичида бирортаси тақдир тақозоси билан ичкуёв бўлиб ҳаёт кечираётган бўлса, улфатларига худо беради. Ҳар бир ўтириш, йиғилишдаги асосий мавзу ва нишон айнан ўша ичкуёв бўлади. Ўзларининг ҳолатлари қай даражада эканини эса ўйлаб ҳам кўрмайди.
Ҳозирги кундаги аксарият оила қураётган йигитлар ҳақиқий маънода ичкуёвлардир. Лекин ўзлари буни сезмайди ёки сезса ҳам тан олмайди. Чунки ичкуёв тўғрисида уларнинг тор ва юзаки тушунчаси бор. Бу ҳақда айтиб ўтдик. Ана шундай тушунчада юрганлиги учун ҳам бундай эрларнинг хотинлари кўпинча итоат этмайди. Чунки эрнинг тили қисиқ, уйдаги жиҳозлардан тортиб, миниб юрган уловигача келин тарафдан келган.
Одатда баъзи келинлар ўзи тушган хонадон эгаларини ҳар тарафлама қўлга олиш, уларга ўз ҳукм ва инжиқликларини ўтказиш ва яна қандайдир бошқа мақсадларини амалга ошириш учун ҳам мазкур харажатларнинг ҳаммасини ўз зиммасига олади. Бу келажакда ўз самарасини бериб, келиннинг тилини узун қилади. Халқимиз «Еган оғиз уялар» деганидек, куёвбола ва унинг ота-онаси келин нима деса, шунга кўнадиган бўлиб қолади. Бирон нарса деб хотинга танбеҳ бериб, унга таъсир ўтказай деса, тили қисиқ, ҳаттоки хотини ажрашаман деб харшаша қилиб қолишидан қўрқади. Чунки бундай бойвучча хотиндан ажралса, ўзи ялонғоч, уйи бўшаб қолади, куёвбола эса эгаллаб турган мансабидан ҳам айрилади. Айтинг-чи, мана шундай «йигитча»лар ҳақиқий ичкуёв эмасми? Уларни бундан бошқа нима деб эълон қилиш мумкин.
Исҳоқжон Бегматов,
Тўхтабой ислом институти ўқитувчиси,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
«Олтин қалам» XI миллий мукофоти соҳиби

Related Articles

Close