Madaniyat

“Ўзбекконцерт”нинг навбатдаги таҳдиди! Хонандаларнинг соқол қўйган маъмурлари мажлисдан қувилди...

“Ўзбекконцерт” давлат муассаси санъаткорлар билан “тарбиявий соат”лар уюштириб, уларни тартибга чақириб туриши одатга айланган. Бу кор қиладими ёки йўқ билмадик, аммо ташкилотнинг анъанаси ўзгарганича йўқ. Мажлисларда айтилиши керак бўлган гаплар айтилади, жазоланиши режага киритилганлар қочиб қутилолмайди ва албатта, мақтовга лойиқлар ҳам топилади.

Кеча, 9 октябрь куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасида яна навбатдаги “тарбиявий соат” бўлиб ўтди. Уни Давлат муассасаси Бош директори Азамат Ҳайдаров ўтказди. Йиғилишда таниқли хонанда ва созандалар, айрим санъаткорларнинг маъмурлари иштирок этган.

Йиғилишнинг галдаги мавзуси ҳам деярли аввалгиларидан фарқ этмаган. Хонандаларнинг кийиниш маданияти, тўйларда ўзини тутиши ва фонограммада қўшиқ куйлаши асосий масала бўлгани хабар қилинди. Фонограмма ва жонли ижро масаласида “Ўзбекконцерт” давлат муассаси аниқ тўхтамга келиб, тўғри қарорни вақтида қабул қилмас экан ҳали бу мавзуда яна неча йиллар йиғилиш ўтказилиши мавҳум.

Хонандалар Каниза, Шербек Шодиев, Руҳшона ва “ЭлДиДо” гуруҳининг маъмурлари йиғилишга соқол билан келгани учун мажлис аввалида чиқиб кетишлари сўралган.

Азамат Ҳайдаров бундан буён маъмури соқол қўйган хонандаларнинг лицензиялари тўхтатилишини айтган ва буни биринчи бўлиб хонанда Шербек Шодиевдан бошлашни тавсия этган.

Шу ўринда савол туғилади: “Ўзбекконцерт” бундай ҳолатларга нисбатан қачонгача лицензияни олиб қўйиш билан таҳдид қилади? Ё тартибга чақиришнинг бошқа усули йўқми? Тўғри, “Ўзбекконцерт” томонидан хонандаларга бериладиган лицензия битимида санъаткорларнинг маданияти масаласига алоҳида тўхталинган, бироқ маъмурларнинг соч-соқолига эмас. Шундай экан, маъмурнинг устара тегмаган соқоли, зеб берилмаган тирноғи-ю чанг тортган пойабзали учун хонанданинг лицензияси олиб қўйилиши, олинмасада, олиб қўйилишини айтиб таҳдид қилиниши тўғрими?

Агар масала санъаткор ва унинг атрофидагиларни тартибга чақириш ҳақида кетаётган бўлса, марҳамат, биз қарши эмасмиз. “Ўзбекконцерт” маъмурларга лицензия олиш тартибини жорий қилсин! Исми, кимлиги, яшаш жойи ва ўқиган таълим маскани ҳеч қаерда қайд этилмагану ўзини фалончининг маъмуриман деётганлар лицензия олгач, “Ўзбекконцерт”нинг тугаб-битмас ва қайсидир ҳолларда кучга кирувчи қоидаларига амалга қилармиди…

Маълум қилишларича, “ЭлДиДо” гуруҳи хонандалари ушбу йиғилишда иштирок этмаган. Гуруҳ маъмури йигитлар тасвирга олиш жараёнларида эканликларини айтган. “Ўзбекконцерт” давлат муассаси раҳбарияти эса гуруҳ лицензиясидан айрилишни истамаса ўша вақтда қайси тасвирга олиш майдонида бўлгани ҳақида маълумотнома олиб келишини айтиб, маъмурнинг мажлислар залини тарк этишини сўраган. Мана, янги тартиб, янги қоида!

Энди бирор тадбирда ё йиғилишда иштирок эта олмаган айрим хонандалар “Ўзбекконцерт”га “справка” олиб бориши керак. Тез орада “Ўзбекконцерт” бошчилигида санъаткорлар учун юридик поликлиника ҳам иш бошласа ажабмас.

Энг қизиғи шундаки, ушбу йиғилишда нафақат “ЭлДиДо”нинг балки кўплаб хонандаларнинг ўзи қолиб, маъмури иштирок этган. “Ўзбекконцерт”нинг холис раҳбарияти фақат “ЭлДиДо”ни пайқаган.

Йиғилишда пахта йиғим-терими масаласи ҳам кўриб чиқилган. Хонандаларнинг йиғим-терим мавсумида жойларга бориб концерт дастурини тақдим этиши масаласи тўй-ҳашамдан муҳим экани айтилган. Бунга биз ҳам қўшиламиз!

Related Articles

Close