O`zbekiston

КУЗГИ БОЗОР: ҚИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?

2017 йилнинг қиш ва баҳор ойларидаги тақчиллик – картошка, пиёз, сабзи сингари кундалик истеъмол қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетгани, бозорлардаги узундан-узоқ навбатлар аҳолини анча ҳушёр торттириб қўйгани бор гап. Далаларда йиғим-терим қизғин давом этаётган шу кунларда бозорларимиз ҳам гавжум. Кимдир қоплаб пиёз, кимдир картошка, бошқа биров сабзи харид қилмоқда. Айни пайтда ҳам у қадар арзон бўлмаган бу маҳсулотларнинг нархи янада кўтарилиб кетишидан хавотирга тушган юртдошларимиз қиш ғамини емоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 июнда қабул қилинган “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 10-бандида “2016/2017 йилларда қиш-баҳор даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлашда йўл қўйилган камчиликлар ва қўшиб ёзишларни танқидий таҳлил қилиш асосида жорий йилнинг 1 августигача бўлган муддатда вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар кесимида аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, уларга бўлган нарх-наво бирдан ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида, 2017/2018 йилги қиш-баҳор даврига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ҳажмлари белгилансин, бунда, асосий эътибор картошка, пиёз, сабзи, карам, гуруч ва дуккакли экинларни ғамлашга қаратилсин”, дейилади.
Хўш, бугун бозорларимизда нарх-наво қониқарлими? Пойтахт аҳолиси қишга қандай тайёргарлик кўрмоқда? Кичик тадқиқотимизга объект сифатида нисбатан арзон ҳисобланган Қўйлиқ деҳқон бозорини танладик.
– Айни пайтда картошка ва пиёзга талаб жуда юқори, – дейди сотувчи Акромжон Ҳайдаров. – Улгуржи бозорга янги ковланган картошка пешма-пеш келтирилмоқда. Йирикларини 3000, майдасини 2500 сўмдан сотаяпмиз. Қозоғистон ва Россиядан келтирилган картошкалар бу – баҳорги ҳосил, уларни қишга сақлаб бўлмайди. Ўзимизнинг далаларимиздан ковлаб олинган маҳаллий навлар эрта кўкламгача туради.
– Сараланган икки қоп қизил пиёзнинг килосини 1800 сўмдан сотиб олдим, – дейди Сарвар исмли харидор. – Сариқ сабзини 1000, қизилини эса 2000 сўмдан баҳолашди. Олтиариқнинг турпини 2000, шолғомни ҳам 2000 сўмдан сотишяпти.
– Болаларим бақлажон икрасини яхши кўришади, – дея суҳбатга қўшилди бозор сўмка кўтариб олган Холида исмли аёл. – Бақлажонни 1500, қизил булғорини 2000, кўкини 1800, помидорнинг майдароғини 1800 сўмдан олдим. Жандунинг бир боғлами 2000, укроп ва кашничнинг боғлами 500 сўмдан сотиляпти.
– Бозорда ҳар ким чўнтагига қараб савдо қилади, – дея изоҳ беради сотувчи Мукаррам Қурбонова. – Кимдир сифатига, кимдир нархига қарайди. Масалан, “Ризамат ота” навли узумнинг килосини 20-25 мингдан, “келин бармоқ”ни 19 минг, “қора мерс”ни 20 минг, “шохона”ни 10 минг сўмдан сотяпмиз. Тўғри, бозорда килоси 3000-3500 сўмдан сотилаётган узумлар ҳам бор. Хурмо 4000, нок 10000, олманинг энг кўп сўраладиган “голден” тури 6000, “беш юлдуз” 5000, Қувасой анори 12000, нон беҳи 8000 сўмдан сотиляпти.
Айниқса, аҳолини олмага бўлган талаби кучли. Аммо иложи борича музлаткичда турганини сотиб олмаслик керак. Музлаткичда сақланган олмалар пакети очилганидан сўнг уч кун ўтгач, суви қочиб, ранги қорайиб қолади. Ертўлада сақлангани харид қилинса, мазаси ҳам, ранги ҳам яхши бўлади.
Раста оралаб, яна бошқа маҳсулотларнинг ҳам нархини ён дафтарчамга қайд қилиб қўйдим. Қўқоннинг бир килограмм аччиқ қалампири 5000, қизил лавлаги 2000, саримсоқ пиёз 10000, бодрингнинг “Орзу” навлиси 3500-4000 сўмдан баҳоланган.
Бу нисбатан арзон ҳисобланган Қўйлиқ деҳқон бозоридаги нархлар. Балки улар бошқа худудлардаги бозорлар нархидан фарқ қилар. Бу табиий. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархини келтириш билан бир нарсага – олдинда бизни қиш кутаётганига эътибор қаратмоқчимиз. Унга ҳозир, – пишиқчилик пайтида тайёргарлик кўриб қўйсак, эртага ўзимизга осон бўлади.
Нигора РАҲМОНОВА,
“Оила ва жамият” мухбири

Related Articles

Close