O`zbekiston

Аҳолига иссиқлик таъминоти қор ёғиб, муз қоплаганда бериладими?

Куз-қиш мавсуми Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли учун оғриқли мавзуга айланган. Сабаби иссиқлик таъминотининг уланмаганлиги аҳолига қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради. Бу борада мамлакатимизнинг нафақат чекка ҳудудларида, балки пойтахт — Тошкент шаҳридан атига 50 км узоқликдаги Тошкент вилоятида ҳам муаммолар мавжуд.

“Qalampir.uz” таҳририятига Ангрен туманидаги Красногорск шаҳарчасида истиқомат қилувчи фуқаролардан бири мурожаат қилди. Унинг айтишича, шаҳарчадаги кўп қаватли уйлардаги яшаш шароити қониқарли эмас.

Маълумотларга кўра, Красногорск шаҳарчасида қарийб 20 мингга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг 50 фоизга яқини кўп қаватли хонадонларда истиқомат қиладилар.

Кўп қаватли уйларда 20 йилдирки иссиқлик таъминоти йўқ. Шунингдек, иссиқ сув ҳам йўқ. Совуқ сув эса суткасига 3 марта 2 соатдан берилади, холос.

Яқинда бу ерга маҳаллий телевидениелардан бирининг мухбири ташриф буюриб, мавжуд вазиятни суратга олган. Видеокамера қаршисида “ўзини йўқотиб” қўйган масъуллар муаммоларни бартараф этишга “ваъда” бера олишди, холос.

Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъуллари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо улардан аниқ жавоб ололмадик. Ачинарлиси, ҳатто телевидение орқали ҳам ёритилган муаммо тўғрисида улар бехабар экан.

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларда аллақачон электр иситгичлар ўз хизматини кўрсатишни бошлаган. Ҳаво ҳароратининг кутилмаганда кескин тушиб кетиши сабабли уйлар совиб кетяпти. Айниқса, ёш боласи бор хонадонларда бундай шароит оғир ўтади.

Таъкидлаш керак, ҳамманинг ҳам уйида электр иситгич йўқ. Бундай ҳолларда кўпчилик газни ёқиб қўйишга мажбур бўлади. Кўриб турганингиздек, муаммо кетидан яна муаммо. Газнинг хавфлилик даражасини эслатиб ўтиш шарт эмас, менимча.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, аҳолидан коммунал хизматлар бўйича тўлов ўз вақтида тўлаш талаб этилади. Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли иссиқлик таъминоти учун йил бўйи ҳисобида пул тўлайди. Лекин нега улар кузнинг совуқ кунларида зах уйларда яшашга мажбур бўляптилар? Бунинг ортидан яна бир муаммо юзага келиши табиий. Совуқ ва зах орқали шамоллаш касаллиги авж олади. Аҳоли яна харажат қилиб, дори-дармон сотиб олади.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қор ёғишга ҳам улгурдики, ҳамон уйларда иссиқлик таъминоти ёқилмаган. Бу борада ҳам маълумот олиш учун мутасаддиларга мурожаат қилганимизда, ҳамон аниқ сана маълум эмаслигини билдиришди.

Ҳозирда нафақат, Ангрен туманидаги Красногорск шаҳрида, балки бошқа ҳудудларда ҳа куз-қиш мавсумига тайёргарлик авжида ва юқори даражада олиб бориляпти, деб умид қиламиз. Мавзуга яна қайтамиз.
qalampir.uz

Related Articles

Close