Bu qiziq

Ислоҳотларнинг бир бўлаги — пенсия тайинлаш янада осонлашди

Бугун ахборот технологиялари барча тармоқларга фаол кириб келмоқда, ҳаётимизни осонлаштирмоқда. Янги технологияларнинг пенсия тайинлаш ва расмийлаштириш жараёнига татбиқ этилишидан, энг аввало, фуқароларимиз ютади.

Умр бўйи меҳнат қилиб, қарилик гаштини суриш даври келганида идорама-идора юрган ёши улуғ юртдошларимизнинг сарсонгарчиликлари ҳали эсимиздан чиққани йўқ. Биринчи босқичдаги ислоҳотлар ҳужжат йиғиш ва қоғозбозликка чек қўйган бўлса, энди жорий этилиши назарда тутилаётган ўзгаришлардан сўнг фуқаролар ортиқча оворагарчиликлардан халос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги қарорига мувофиқ пенсия тайинлашда фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш ҳамда давлат хизматлари сифатини ошириш борасида навбатдаги қадам ташланмоқда.

Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 октябрдаги “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарорида қуйидаги ўзгаришларни назарда тутилган:

2024 йил 1 январдан:

а) фуқароларга пенсия тайинлаш учун қўшимча равишда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда;

б) фуқароларга пенсия тайинланганидан сўнг АТ “Халқ банки”да жамғарган пенсия пулини олиш учун Пенсия жамғармасидан қоғоз шаклидаги сертификат бериш тартиби бекор қилинмоқда.

Бунда, фуқаро Халқ банкида меҳнат фаолияти давомида ҳар ойлик ажратмалари асосида жамғарган маблағларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки банкнинг мобил иловаси орқали олиш имконияти яратилмоқда.

2025 йил 1 мартдан бошлаб эса 60 ёшга етган эркакларга ва 55 ёшга етган аёлларга пенсиялар, шу куннинг ўзида “автоматик” тарзда, яъни бирор-бир турдаги ҳужжат талаб этмаган ҳолда тайинланади.

Бунда, шахсга оид маълумотлар (фуқаронинг ёши, жинси), иш стажи, иш ҳақи (тўланган ижтимоий солиқ суммаси) ва оила таркиби (турмуш ўртоғи ва фарзандлари) Адлия вазирлиги, Бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг электрон базаларидан олинади.

Натижада эса фуқароларга пенсия тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар йиғиш ҳамда ўзи истиқомат қилувчи Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.

Пенсия ёшига етган фуқарога, шу куннинг ўзида пенсия “автоматик” тарзда тайинлангандан сўнг, фуқаронинг мобил алоқа воситасига маълумот юборилади.

Маълумки, пенсияларни “автоматик” тарзда тайинлаш тартиби Арманистон, Грузия, Озарбайжон ва Эстонияда йўлга қўйилган.

Пенсияларни “автоматик” тарзда тайинлаш тартибини амалиётга жорий этиш бўйича 10 та банддан иборат “йўл харитаси” тасдиқланмоқда.

Бунда, 14 та вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаси 2025 йил 1 мартга қадар инвентаризация қилинади ва пенсия тайинлаш учун зарурий ҳужжатлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Пенсия ёшига етган, аммо пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга “автоматик” тайинланган пенсияни тўхтатиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонунчиликка мувофиқ пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга, пенсия миқдорига таъсир этувчи кўшимча хужжатларни исталган вақтда тақдим этиш ҳуқуқи берилган.

ЎзА

Related Articles

Back to top button