O`zbekiston

Ногиронлар давлат ҳимоясида

2017 йил 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.
Фармойишда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Шу билан бирга мазкур соҳада олиб борилаётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.

Туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаяпти. Чақалоқларни перинатал скрининг кўригидан ўтказиш туғма нуқсонларни ўз вақтида аниқлашни ва ногиронликнинг кейинчалик олдини олишни таъминламаяпти.

Ёш болаларни ялпи комплекс скрининг кўригидан ўтказишни ташкил этиш ва олиб боришдаги камчиликлар реабилитация тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатнинг бой берилишига ҳамда болалар ногиронлиги пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Ногиронлик гуруҳини аниқлаш ҳамда протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари билан таъминлашда тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятидаги бюрократик тартиб-таомиллар бартараф этилмаган деб кўрсатилган.
Шунингдек Фармойишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилганлиги қайд этилган.
Жорий йил 1 январь ҳолатига 650 284 нафар шахс ногирон деб топилган, уларнинг 84 908 нафарини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Уларга ҳар йили Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм миқдорида пенсия ва нафақалар тўланади.

Ўрганишлар соғлиқни сақлаш органлари томонидан ҳомиладор аёлларнинг 60 фоиздан ортиғи скрининг текширишлари билан қамраб олинмаганлигини кўрсатди. Касалликлар ўз вақтида аниқланмаганлиги оқибатида 3 568 нафар бола туғма нуқсонлар билан туғилган.
Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштириш, ногиронларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида фармойишга мувофиқ Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия ташкил этилди.

Комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, камчиликлар ва коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлил қилиш;

ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳолатини, уларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари амалга оширилишини, шунингдек, ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини танқидий ўрганиш;

ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ўрганиш;

тиббий-малакавий комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, тартиб-таомилларни ўтказишни соддалаштириш ва уларнинг муддатларини қисқартириш мақсадида қайта кўриб чиқиш;

ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш бўйича, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлашга қаратилган ишлар аҳволини таҳлил қилиш;

ногиронлар учун протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник янгилаш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказиш ва таклифлар тайёрлаш;

ногиронларнинг жамоат транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш ҳолатини таҳлил қилиш;
Фармойишда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам бериш тизимини янада такомиллаштиришга, таълим олиш ва ишга жойлашишда уларга ҳар томонлама кўмаклашишга, коррупциявий кўринишлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга, пировард натижада ногиронлар тўлақонли ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги хабар қилди.

Related Articles

Close