O`zbekiston

“Хожимайхона” булоғи шифобахш суви аҳолига етказилади

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан Бойсун тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар бошланди.
Осмон билан бўйлашиб турган Бойсун тоғ бағридаги мўъжизавий “Хожимайхона” булоғидан секундига бир куб, айрим ҳолларда икки кубдан ортиқ шифобахш, энг тоза, ҳеч қаерда тенги йўқ сув чиқади. Бу халқимизнинг бойлиги, инсонларга саломатлик улашгувчи бебаҳо неъматдир. Ушбу ноёб сувни асраш, ундан аҳолини баҳраманд этиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз саналади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 июлдаги “Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 538-сонли қарорига асосан умумий қиймати 48,2 млд. сўм бўлган “Бойсун тумани маркази ва қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини “Хожимайхона” булоғидан сув билан таъминлаш” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланди.
26 июль куни ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарувчи раиси А.Раматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вилоятимизга ташриф буюрди. Бойсун туманида мутасадди раҳбарлар, аҳоли вакиллари иштирокида мазкур лойиҳанинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, Бойсун тумани аҳолисини узоқ йиллардан буён ичимлик суви муаммоси қийнаб келаётганини, Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ушбу хайрли ва савобли иш бошланганини, бу эса бойсунликлар учун тарихий воқеа эканлигини, бу ишлар халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, аҳоли, фарзандларимиз саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир жараёнида “Хожимайхона” булоғидан сув олиб келиш лойиҳаси муҳокама этилиб, мутасадди раҳбарлар, лойиҳачи, пудратчи ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар қўйилди.
Маълумот учун шуни айтиш лозимки, мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичида Шеробод туманига ҳам “Хожимайхона” булоғидан сув олиб келиш белгиланган бўлиб, унинг натижасида 50 мингдан ортиқ туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.
Вилоят ҳокимининг “Фейсбук”даги саҳифасидан

Related Articles

Close