O`zbekiston

МХХ 20дан ортиқ аъзоси бўлган йирик жиноий гуруҳни қўлга олди

Махсус операция чоғида тақиқланган моддалар сотиш билан шуғулланувчи 20дан ортиқ жиноятчи ҳамда гуруҳ бошлиғи қўлга олинди

МХХ тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида психотроп моддалар тарқатиш билан шуғулланувчи йирик гуруҳ фаолиятига чек қўйдилар, деб маълум қилди Sputnik мухбирига куч тизимидаги манба. Гуруҳнинг 23 нафар аъзосини қўлга олиш бўйича махсус операция Учтепа ва Чилонзор туманларида ўтказилди. Операция чоғида кўп миқдорда турли психотроп воситалар, жумладан 5980 дона трамадол, 55 дона трамбо — 55 дона, 43 дона «лирика», 10 дона сонат ҳамда 4,7 миллион сўмдан ортиқ пул мусодара қилинди. Тезкор ходимлар шунингдек, сотувчиларнинг «қора бухгалтерия» ҳисоб дафтарини ҳам қўлга киритишди.  Суриштирув давомида тезкор ходимлар жиноий гуруҳнинг ташкилотчиси ва раҳбарининг изига тушишга муваффақ бўлишди. МХХ ва ИИББ ходимлари ўтказган махсус операция чоғида ҳеч қаерда ишламайдиган, турли жиноятлари учун илгари бир неча марта судланган 41 ёшли Султонхўжа Аъзамов қўлга олинди. У Тошкентнинг бир нечта нуқталарида психотроп моддалар сотувини ташкил этган ва назорат қилган, ҳар куни чакана сотувчилардан 100 доллардан пул йиққан. У шунингдек, қимор ўйинларига ихтисослашган яширин тармоқларни қўллаб-қувватлаш билан ҳам шуғулланган. Гуруҳ психотроп воситаларни контрабанда йўли билан Қозоғистондан олишган. Сўнгра дорилар қадоқланиб Бухоро, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларига жўнатилган. Тошкентда дори тарқатиладиган асосий марказлар Учтепа ва Чилонзор туманлари бўлган. Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Аъзамов ва унинг шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг 186/3-моддаси 2-қисми (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) ва 165-моддаси 2-қисми (Товламачилик) бўйича жиноят иши қўзғатди.

sputniknews-uz

Related Articles

Close