Hodisalar

Расмий муносабат

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 2021 йил 3 июнь куни “Human.uz” ахборот порталида эълон қилинган “Ҳокимлик тадбиркорни синдирмоқчими? Ижара учун 60 миллиард?” сарлавҳали материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Хабарда қайд этилган бино-иншоотлар (кейинги ўринларда – объектлар) 2018 йилнинг ноябрь ойида тегишли ҳужжатларга асосан давлат ихтиёрига ўтказилган.

2019 йил феврал-декабр ойларида объектларнинг 20 таси, шу жумладан “Юбилейний супермаркет” биноси белгиланган тартибда ижарага берилган бўлиб, тегишли тўловлар ундирилган (йиллик ижара тўлови 14,3 млрд. сўм).

Термиз, Қумқўрғон, Шеробод ва Денов туманлараро иқтисодий судларининг 2020 йил январь ойидаги тегишли қарорларига асосан, ушбу объектларга давлат эгалиги бекор қилинган. Ўз навбатида, объектлар Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2020 йил 20 февралдаги ажримига асосан давлат фойдасига ўтказилган.

Бугунги кунда 8 та автомобилларга газ тўлдириш шахобчаси ҳамда Денов туманидаги “Юбилейный” савдо маркази 2021 йил учун тадбиркорларга ижарага берилган.

Термиз шаҳридаги “Юбилейный” супермаркет биноси 12.01.2021 йилда 1,7 млрд. сўм бошланғич нархда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш бўйича савдога чиқарилиб, 12.01.2021 йилда ўтказилган аукцион савдода йиллик 29,8 млрд сўм ижара ҳақи тўлаш шарти билан “Ягона Сурхон Наргиз” МЧЖ аукцион ғолиби деб топилган. Бироқ, аукцион ғолиби ва иккинчи талабгор томонидан шартнома имзолаш рад этилган.

Шундан сўнг, белгиланган тартибда мазкур объектни ижарага бериш юзасидан 16.04.2021 йилда такроран аукцион савдоси ўтказилиб, “GIPER MARKET INDENIM” МЧЖ йиллик 60,8 млрд сўм ижара хақи тўлаш шарти билан аукцион ғолиби деб топилган, бироқ аукцион ғолиби ва иккинчи талабгор томонидан бу сафар ҳам шартнома имзолаш рад этилган.

Вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг 28.04.2021 йилдаги 04-01/156-сонли баённомаси қарорига асосан объектларни баҳоланган нархда “E-ijro auksion” электрон савдоси орқали савдога чиқариш белгиланиб, қарор лойиҳаси тайёрланган.

Ҳозирги кунда объектлар мустақил баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳоланмоқда. Қисқа муддат ичида улар шаффоф ва ошкора сотилиши учун баҳоланган нархда “E-ijro auksion” электрон савдосига чиқарилади.

Related Articles

Back to top button