Jahon

Данияда саратонга қарши янги услуб муваффақиятли синовдан ўтди

Данияда ишлаб чиқилган саратонга қарши янги терапия сичқонларда ўтказилган синовлар давомида самарали эканлигини кўрсатди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.

Олимлар мазкур услуб ёрдамида кимёвий терапияга барқарор бўлган қовуқ шишлари авж олишини тўхтатишга муваффақ бўлди.

«Олинган натижалар кенг истиқболларни очиб беради. Мазкур услуб кимёвий препаратлар билан даволаш самарали бўлмаган саратон хасталигига чалинган беморларга ёрдам бериши мумкин», — таъкидлади тадқиқот ҳаммуалифларидан бири Мадс Даугорд.

Синов давомида даволанган сичқонларнинг 80 фоизи тадқиқот тугаши вақтида омон қолди. Айни пайтда одатий услубларда муолажа қилинган кемирувчиларнинг барчаси ўлган.

Янги услубга даниялик олимларнинг 2015 йилдаги кашфиёти асос бўлиб хизмат қилди. Улар ўсимталарга қарши курашда фойдаланиладиган токсинларни саратон тўқималарига етказишнинг ўта самарали воситасини топишга муваффақ бўлди. Улар томонидан ажратилган оқсил саратон ўсимталарининг 90 фоиздан ортиғига ёпишишга қодир, соғлом тўқималарни эса четлаб ўтади.

Daryo.uz

Related Articles

Close