O`zbekiston

Тошкент шаҳар ИИББ: Хиёбонлардаги «севишганлар»га ички ишлар идоралари ходимлари чора кўришга ҳақли эмас

Tошкент шаҳар ИИББда 20 апрель, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда ёшларнинг хиёбонлардаги хатти-ҳаракатларига оид масала муҳокама қилинди, деб хабар беради Дарё нашри.

Ўзбекистон телеканалида эфирга узатилган «Мулоқот вақти» дастурида хиёбонларда йигит ва қизларнинг қучоқлашиб туриши ва шунга ўхшаш хатти-ҳаракатларига ички ишлар ходимлари томонидан эътиборсизлик қилингани танқидга олинган.
Брифинг давомида журналистлар ана шу ҳолатга эътибор қаратиб, ёшларнинг шундай хатти-ҳаракатига ички ишлар идоралари ходимлари қандай чора кўриши мумкинлиги сўради.

Саволга Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев жавоб берди.

«Биз демократик жамият қуряпмиз. Ушбу кўрсатув эфирга узатилганидан сўнг ички ишлар идоралари ходимлари, терговчилар ҳам бизга ана шу масалада мурожаат қилиб, бу ҳолатда қандай чора кўриш мумкинлигини сўрай бошлади. Эркак ва аёл бир-бирига нисбатан ўз ихтиёри билан муносабат билдираётган бўлса, биз уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўра олмаймиз. Бу қонунчиликда ҳам белгиланмаган. Йигит ва қиз ўз ихтиёри билан бир-бирига эркин муносабат билдираётган вазиятда ички ишлар ходимининг танбеҳ бериши ёки чора кўриши ўз ваколатини суиистеъмол қилиш ҳисобланади. Бироқ агар бу ҳолат зўравонлик ёки кимнингдир қаршилигига қарамасдан амалга оширилаётган бўлса, биз бундай вазиятнинг ёнидан бефарқ ўтиб кетмаймиз», — деб айтиб ўтди Дониёр Тошхўжаев.

Бошқарма ходимлари ва журналистлар бундай ҳолатларда жамоатчиликни жалб қилиб, ёшлар билан тушунтириш ишлари олиб бориш ва бундай ҳолатнинг ўзбек халқи маънавият ва менталитетига тўғри келмайдиган ҳаракат эканлигини тушунтиришни энг мақбул чора сифатида таъкидлади.

Sof.uz

Related Articles

Close