O`zbekiston

Аёл жиноят қилса…

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси мустақилликнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши, барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, гендер тенгликка эришиш барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан биридир. Аёлларнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этиши, жамиятнинг барқарор ривожланишида муҳим омиллардан биридир.

Хотин-қизларга бўлган юксак эътибор, яратилаётган
шарт-шароитлар натижасида бугунги кунда аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеи ошди. Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда биринчи бўлиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги (CEDАW) Конвенциясига қўшилди. Мамлакатимиз ҳукумати 2001 йил январида БМТнинг CEDАW бўйича қўмитасига мазкур Конвенциянинг бажарилиши юзасидан ҳисобот тақдим этди. Ушбу Қўмита тавсиялари асосида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Конвенциясининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Миллий ҳаракат дастури ишлаб чиқилди ва тегишли тузилмалар, давлат ва нодавлат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга оширилди.

Дарҳақиқат, ижтимоий хавфли ҳодиса бўлган жиноятчилик барча даврларда жамиятнинг маънавий, иқтисодий, сиёсий устқурмаларига шикаст етказади. Аёллар томонидан жиноятлар содир этилиши эса ушбу жараённи икки карра тезлаштиради. Чунки ҳар бир аёл у жамиятда қандай вазифани бажармасин, аввало, она – оиланинг маънавий тарбиячиси ҳисобланади. Аёлнинг жиноят содир этиши ортида жамиятнинг маънавий таназзули ётади.

Аёллар жиноятчилиги умумий жиноятчиликнинг таркибий қисмини ифодалаб, тарихий ўзгарувчанлик хусусиятига эга бўлган ҳодисадир. Аёллар жиноятчилиги фақат ўзигагина хос хусусиятларга эга ҳодиса сифатида аёлнинг жамиятдаги ўрни ва унинг психофизик хусусиятлари билан ўзаро боғланган. 

Аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг умумий ўсиш тенденцияси алоҳида олинган бир даврда бир мунча камайганига қарамасдан ошиб бориши қайд этилмоқда. Криминологларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, содир этилган жиноятларда аёллар сонининг ўсиш суръати эркак жинсига мансуб жиноятчилар кўрсаткичларидан ўзиб кетмоқда. 

Аёллар томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилиш тенденцияси фаол сақланиб қолмоқда. Бунда ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари катта улушни ташкил қилади.

Нозик хилқат жиноий фаолиятининг ўсиши айниқса, иқтисодиёт соҳасида ортиб бориши кузатилмоқда. Аёллар жиноий хулқ-атвори учун банк фаолияти соҳасида ва қимматли қоғозлар бозоридаги ноқонуний фаолият хос бўлиб қолмоқда. Аёллар томонидан камдан-кам ҳолларда босқинчилик ва талончиликка қўл урилади. Улар ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш жиноятларини кўпроқ содир қилса, эркакларда эса ўғрилик, босқинчилик ва талончилик жиноятларини кўп содир этади. Ушбу ҳолат аёллар ва эркаклардаги жисмоний кучнинг турличалиги ва ижтимоий ролларнинг ҳар хиллиги билан изоҳланади.

Қишлоқлар ва шаҳарчаларда иш билан таъминлаш муаммоси, айниқса, кескин бўлиб турибди. Бу ерда хотин-қизларнинг ёши, маълумоти ва ихтисослигидан қатъи назар, иш топишлари жуда қийин. Бугунги кунда маълум бир иш ўрнида банд бўлмаслик, оз фурсатлар ичида моддий муаммоларни бартараф қилиш илинжи, зарур ҳуқуқий билимларга эга бўлмаслик ва бошқа сабаблар туфайли хотин-қизларнинг трансмиллий жиноятчилик бўлмиш одам савдоси жабрланувчиларига айланиб қолишига олиб келади. Энг ёмони эса одам савдосидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил этиши билан бирга, бу жиноятни содир этаётган шахсларнинг ичида аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча ҳужжатлар имзоланган бўлишига қарамай, бу борада муаммолар ҳали тўла бартараф этилганича йўқ.

Аёллар жиноятчилиги сабаблари таҳлили шуни кўрсатадики, аёлларнинг жиноятга қўл уриши сабаблари турли-тумандир.

Бунда – моддий қийналганлик, ишсизлик, оилавий алоқаларнинг мўртлиги, ижтимоий назоратнинг пастлиги, ахлоқий қадриятларнинг шаклланмаганлиги, маънавий дунёқарашнинг торлиги, ўз-ўзини назорат қилишнинг етишмаслиги, шахсларга (аёлларга) нисбатан чиқарилаётган суд ҳукмлари ҳамда қарорлари, ажримлари тарбиявий таъсирининг пастлиги асосий сабаб бўлмоқда.

Ўрганишларга кўра, аёл фарзандига нисбатан зўрлик ёки камситиш аломатларини кўрганида, яшаш учун курашнинг бошқа турлари қолмади, деб ҳисобланганда руҳиятидаги ўзгаришлар сабаб айни йўлни танланади.

 

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси М.Хакимов

Related Articles

Back to top button