Madaniyat

Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқлари, эркинликларива қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Жумладан, бу борада жамиятнинг энг асосий жабҳалари – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда аёллар нуфузини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган ишларни айтиб ўтиш жоиз.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва давлат органларининг ваколатларини, шунингдек, давлат хизмати соҳасида, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, иқтисодийва ижтимоий, таълим, илм-фан, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари назарда тутилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Айтиш мумкинки, мамлакатимизда барча соҳаларда каби, сиёсат ва бошқарув соҳасида аёлларимиз эркаклар билан ёнма-ён туриб, мамлакатимизнинг эртанги куни учун хизмат қилмоқда. Биргина мисол бугунги кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёллар республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларни марказларга жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда 400 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти аёлларни касбга ўқитиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича яхши тажриба яратган. Шу боис, қишлоқ жойларида бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотларга 2 миллиард сўмгача грантлар ажратилади.

Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази ва унинг жойларда 28 та ҳудудий ҳамда туманлараро намунали марказлар ташкил этилди, оила институтини илмий-услубийва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти фаолият йўлга қўйилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларинитаъминлаш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Натижада ҳар бир соҳада аёллар фаоллиги ортиб, жамият ҳаётидаги иштироки йил сайин кенгайиб бормоқда.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Related Articles

Back to top button