Bu qiziq

Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ!

Юртимизда ҳар йил апрел ойининг охири ва май ойида тут дарахтлари мевалари ғарқ пишишади. Тут меваси ширинлиги ва шифобахшлиги учун севиб истеъмол қилинади. Биз тут ҳақида билишимиз шарт бўлган баъзи маълумотларни Сиз билан баҳам кўрмоқчимиз.
Тут майизлари таркибида қанд моддаcи кўп бўлганлиги сабабли уни болалар ширинликлар ўрнида кўп ейишади. Тут мевалари турли мақсадларда жумладан озиқ-овқат саноатида пирог тайёрлашда, спиртли ва спиртсиз ичимликлар ишлаб чиқаришда кенг ишлатилади.
Тут мевалари таркибида 11% қанд моддаси бўлиб, бундан ташқари олма, лимон, фосфор кислоталари, оқсил, ёғ, витаминлар ва микроэлементларга бой бўлади.
Тут мевалари организмда модда алманишувини яхшилайди, касалликдан сўнг организмнинг тикланишида дармон дори вазифасини ўтайди, қон ишлаб чиқаришда яхши ёрдам беради. Мевасининг суви балғам кўчирувчи, сийдик ҳайдовчи ҳусусиятга эга бўлиб, овқат ҳазм қилиш аъзоларининг фаолиятини меъёрида сақлайди, юрак, қон-томир касалликларидан ҳимоя қилади.
Қадимда Хитой табиблари семизликдан азият чекаётганларга тут меваларини истеъмол қилишни тавсия қилганлар. Тут мевалари пишган пайтларда ҳар куни тўйиб истеъмол қилинса дисбактериоздан бутунлай холос бўлиши мумкин. Тут меваларининг шарбати ва дамламаси ич ўтиши, ўткир ва сурункали бронхитда, бронхиал астма касалликларида балғамни кўчирувчи дори сифатида қўлланилиши мумкин.
Тут барглари, илдизларининг қайнатмаси гипертоник касалликларида фойдаланилади. Янги униб чиққан тут барглари она сутини кўпайтириш хусусиятига эга.
Ёдингизда тутинг!
Тут меваларини совуқ сув билан ичиш ярамайди, қорин дам бўлиши мумкин.
Ўта ширин тут меваларини қандли диабет ва қон босими юқори бўлган кишилар кўп миқдорда истеъмол қилмагани маъқул.
100 грамм тут меваси қуввати — 70 ккал.
Шундай шифобахш неъмат далаларимизда пишиб тўкилиб ётса-да, биз дорихоналардан дори сотиб олиб бир касалимизни даволаб, бошқа касал орттириб олишимиз шартмикан. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деганлари шумикан?!

nor.uz

Related Articles

Close