O`zbekiston

Президент кўчат ўтқазди, бизда эса раҳбарлар мевали дарахтни кесишмоқда...

Шавкат Миромонович Мирзиёев қайси лавозимда ишламасин, халқнинг дастурхони тўкин бўлиши учун жон куйдирганини ҳаммамиз биламиз. У киши халқимиз томонидан Президент этиб сайлангач янада ғайрат билан ишлаб, янги боғлар яратишга, халқимизнинг дастурхони тўкин бўлишга катта ҳисса қўшиб, деҳқонларимиз учун ташқи бозорлар эшигини ҳам очиб берди. Энди деҳқон чет элларга ўзи етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини бемалол сотиши мумкин.
Президентимиз пахта майдонларини қисқартириб, боғ ва полиз экинлари майдонларини кўпайтириш учун алоҳида кўрсатма берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 1 ноябрдаги «Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари таркибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 378-сонли қарори, 2016 йил 9 ноябрдаги «Сурхондарё вилоятида деҳқон хўжаликларининг имкониятларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 382-сонли қарорларида полиз экинлари ва боғдорчиликни ривожлантириш назарда тутилган. Шунингдек эски, самарасиз боғларни кесиш, интенсив боғларни кўпайтириш, пахта майдонларининг мақбуллаштирилиши, ҳамда пахтадан бўшаган ер майдонларига мева-сабзавот экинларини жойлаштириш тартиби аниқ ва равшан кўрсатилган.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 2017 йил пахта майдонларидан бўшаган 1100 га ер майдонининг 700 га ер майдонига полиз маҳсулотлари, 200 га ер майдонига картошка, 100 га ер майдонига озуқа экинлари экилиши ва 100 га ер майдонида интенсив боғ яратилиши белгилаб берилган.
Аммо Шўрчи туман ҳокимияти вакиллари ҳукуматнинг бу қарорини бошқача ижро этмоқда-тут плантацияларини барпо этиш мақсадида гуллаб турган боғларга кесиб ташламоқда. 2017 йил 26 март якшанба куни Шўрчи туман ҳокими ўринбосари М.Зоиров, туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бошлиғи Ҳ.Ўрозов ва бошқа раҳбарлар иштирокида Шўрчи туман Бахтлитепа ҚФЙ «Какан» маҳалласи ҳудудидаги 10 йиллик, энди тўлиқ мевага кирган гуллаб турган олма, ўрик каби дарахтларни бензопила билан кеса бошлади. Албатта боғ эгалари бу кутилмаган ҳолатдан гангиб қолди. Кимдан ёрдам сўрашини билмай қолди. Якшанба дам олиш куни, давлат органлари ходимлари ишламайди, туман раҳбарларининг ўзи дарахтларни кестирмоқда, шу орада 48 туп мевали дарахт кесиб ташланди.
Талваса тушган боғ эгалари Сурхондарё вилоят ҳокими Э.Турдимовдан ёрдам сўрашди ва вилоят ҳокими аралашуви билан боғни кесиш тўхтатилди. Ушбу ҳолатни ўрганиш учун вилоят ҳокими мутахассисларга топшириқ берди, албатта мутахассислар бу ҳолатни мукаммал ўрганишади ва адолатли тўхтамга келишади, бунга ҳаммамиз ишонамиз. Аммо гуллаб турган боғни кесишдан аввал мутахассислар ва боғ эгалари иштирокида ушбу боғнинг аҳволи ўрганилса бўларди-ку. Боғни ҳар қандай вақтда кесиш мумкин, лекин мевали дарахт қовун эмаски, 4 ойда мева берса. Битта кўчат дарахт бўлиб мева бергунча қанча вақт ўтишини, қанча меҳнат талаб қилинишини боғбон билади. Биз боғбонлар билан суҳбатлашганимизда улар бу дарахтларни энди, тўлиқ ҳосилган кирганлигини ва ҳар бири камида 200-500 кг ҳосил бериши мумкинлигини афсус билан айтишди.

Туман ҳокимияти вакиллари гуллаб турган дарахтларни кесиб ўрнига тут барглари етиштирувчи агрофирма ташкил қилинишини айтибди, шуниси қизиққи кейинги 5-6 йил давомида Шўрчи туманида ўнлаб гектар тутзорлар талон-тарож қилинди, бу тутзорлар ўрнида уй-жойлар, газ заправкалар ва бошқа объектлар пайдо бўлди. Масалан: туманнинг «Жойилма» маҳалласида 4-5 гектар тутзор яқин кунларда ҳамманинг кўз ўнгида талон-тарож қилинди
Шу кунларда Сурхондарё вилояти бозорларида 1 кг олманинг нархи 4000-4500 сўм эканлигини ҳисобга олинса ўртача 48 туп олма дарахтининг ҳар тупидан 250 кг дан олма олинганда ҳам 12 тонна олма эл дастурхонига етиб бормайди, бу эса тахминан 54 миллион сўм зарар дегани.
Биз ушбу масалада туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғига қўнғироқ қилганимизда у киши: «Мевали дарахтлар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳисобланишини ва мевали дарахтларнинг кесилишига туман ҳокимияти рухсат бериши мумкинлиги» айтди.
Қонунга ҳамма бўйсунади, гуллаб турган дарахт ҳам кимнингдир мулки ва у мулкнинг эгаси ҳам Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари яъни мулк дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

nor.uz

Related Articles

Close