O`zbekiston

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ

2021 йил 18 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари жой олди.

Комиссия аъзолари дастлаб Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Қайд этилганидек,  Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 411 нафар хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ, халқаро ташкилотлардан  хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европа Парламенти, Туркий тилли давлатларнинг Парламент Ассамблеяси, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти, Осиё Парламент Ассамблеяси, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари, Австрия, Белгия, Буюк Британия, Германия, Грузия, Италия, Франция, Хитой, Чехия, Жанубий Кория, Латвия, Польша, Канада, Япония каби хорижий мамлакатлардан жами 411 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

Шундай қилиб, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 968  нафарни ташкил этмоқда. Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш сайловга камида ўн кун қолгунига қадар давом этади. Марказий сайлов комиссияси томонидан халқаро кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжат қабул қилиш 14-октябрь куни тўхтатилди.

Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Комиссия аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссиясига 4 та маҳаллий ва ­34 та хорижий Оммавий ахборот воситаси томонидан мурожаат келиб тушган.

Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди ҳамда жами 20 нафар маҳаллий  ва 87 нафар хорижий ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди.

Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1439 нафар,  хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 233  нафарни ташкил этмоқда.

Қайд этиш жоиз, ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёни  МСКнинг “Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низоми талабларига мувофиқ амалга оширилди. Сайлов кодексининг 33-моддасига асосан, аккредитациядан ўтказиш сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб, сайловга камида ўн кун қолгунига қадар давом этди. Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш учун ҳужжат қабул қилиш 14-октябрь куни тўхтатилди.

Мажлисда кун тартибига киритилган қарорлар очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button