Ўзбекистон

Хушхабар: Сурхондарёлик пахтакорлар пахта режасини республикада биринчи бўлиб бажарди

Сурхондарёлик пахтакорлар мамлакатимизда биринчи бўлиб, жорий йилги пахта топшириш шартномавий режани бажарди. Фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил етиштирилиб, 246 минг 350 тоннадан ортиқ пахта хирмони бунёд этилди, унинг аксарият қисми юқори навларга сотилди. Бу белгиланган режанинг 100,1 фоизини ташкил қилади.

Бу йилги пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун 2344 та терим отрядида 164 минг нафардан зиёд теримчи, 1022 та трактор ва 2028 та тиркама сафарбар этилди.

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам модернизация қилиш борасида энг муҳим вазифалар аниқ белгилаб олинган бўлиб, улар изчил амалга ошириб борилаётгани ўзининг амалий самараларини кўрсата бошлади. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан пахтачиликда инновацион ғоя-кластер тизими жорий этилди. Бугунги кунда вилоятнинг 13 та туманида 10 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият олиб бормоқда.

— «Тermiz Jayhun Cluster» МЧЖ кластер томонидан жорий йилда белгиланган режа 107 фоизга бажарилиб, 56 минг тонна пахта ҳосили олинди. Бу режага нисбатан 4 минг тоннага кўп, ҳосилдорлик эса 37.4 центнерга етказилди. Илғор тажриба ва фан ютуқларини, замонавий ресурс тежовчи, интенсив агротехнологияларни кенг жорий этилиши юқори ҳосилдорликка эришиш учун асосий омил бўлди, -дейди кластер раҳбари Акбар Хусанов.

Юқори ҳосил олишнинг муҳим жиҳатлардан бири ерлар мелиоратив ҳолатининг яхшиланиши ҳамда тупроқ-иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир. Жорий йилда воҳамизда ғўзанинг «Бухоро-102», «Наманган-77», «Беш қаҳрамон», «Султон», «Бухоро-10», «Порлоқ-1» эрта пишар, «Бухоро-8» ва «Сурхон-16», «Сурхон-103» ингичка толали ўрта пишар, «СП-1607», «СТ-1651» ингичка толали истиқболли навлар ҳамда 19 та, шу жумладан, 5 та ингичка толали ғўзанинг янги навлари етиштирилди.

Вилоят пахтакорлари эришган бу ютуққа Қумқўрғон тумани пахтакорлари 29 минг 994 тонна, Шеробод тумани 26 минг 206 тонна, Музработ тумани 29 минг 943 тонна, Жарқўрғон тумани 26 минг 173 тонна, Олтинсой тумани 9 минг 490 тонна, Сариосиё тумани 7 минг 146 тонна, Бандихон тумани 11 минг 368 тонна, Шўрчи тумани 20 минг 752 тонна, Термиз тумани 8 минг 4 тонна, Узун тумани 10 минг 192 тонна, Денов тумани 32 минг 140 тонна, Ангор тумани 16 минг 542 тонна, Қизириқ тумани 19 минг 495 тонна пахта топшириб, муносиб ҳисса қўшди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button