Ўзбекистон

Ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади

Давлатимиз раҳбари Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида вилоятдаги миллий маданий марказлар вакиллари билан мулоқот қилди.

— Сизларга маълумки, юртимиздаги аҳиллик, тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бераяпмиз. Бунинг натижасида ҳаётингизда нималар ўзгарди? Нима муаммолар, қандай таклифлар бор? Шулар ҳақда сизлар билан юракдан гаплашгани келдим, — деди Президент.

Кўп миллатли Навоий вилояти — халқлар дўстлиги ва ўзаро англашувининг ёрқин ифодаси. Ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, тожик, рус, корейс ва кўплаб бошқа миллат вакиллари бир оила аъзоларидек яшаб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Вилоятда 8 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Мактабларда ўқитиш 7 тилда йўлга қўйилган.

Учрашувда қатнашган турли миллат ва элат вакиллари уларнинг ўқиб, ишлаши, маданиятини сақлаши учун кенг шароит яратилганини таъкидлашди. Ўзлари, фарзандлари эришаётган муваффақиятларни сўзлаб беришди. Маданий марказлар учун бинолар ажратилгани, 30 июль мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни этиб белгилангани қайд этилди.

— Бугун сайловчилар билан учрашувда бу қутлуғ байрамни келгуси йили Навоий вилоятида катта тантана билан  нишонлаш  таклифини билдирдим, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шунингдек, 2022 йилда Навоийда кўп миллатли халқимиз бирлигининг рамзи сифатида Дўстлик боғини барпо этишни режалаштирганмиз.

Президент юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур шароитлар яратишга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари шу билан Навоий вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Related Articles

Back to top button