Ўзбекистон

Ўзбекистон стратегияси Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини умумий порлоқ келажак ғояси атрофида жипслаштиришга қаратилган

Жорий йилнинг 15–16 июльсанасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар”мавзуси остида халқаро конфенция бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу муносабат билан мазкур юқори доирадаги тадбир мазмун–моҳияти ва ундан кўзланган мақсад–муддаолар ҳақида ўз фикрларини Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти Азиз Каримов билдирди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, кутилаётган тадбирбугунги кунда нафақат миллий матбуот диққат-эътибори остида турибди, балки минтақа ва дунё оммавий ахборот воситалари, эксперт ва сиёсий доиралари нигоҳи ҳам ушбу воқеага қаратилган.

Бунинг боиси, фикрларини изоҳлайди эксперт, кутилаётган юқори доирадаги тадбир икки йирик, шиддат билан ўсаётган ва маданий-тарихий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган минтақаларни умумий иқтисодий келажак ғояси атрофида мустаҳкам жипслаштиришга қаратилган.

Азиз Каримовнинг таъкидлашича, воқеалар ривожининг бундай тус олиши Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари учун янги ўсиш нуқталарини вужудга келтириб, минтақалардаги иқтисодий манзарани тубдан ўзгартириб юборади.

Чунки икки минтақа ўртасида ишга солинмаган улкан ҳамкорлик салоҳияти мавжуд. Жумладан, Жанубий Осиё давлатларининг ташқи дунё билан савдо айирбошлаш хажми 1,4 триллион долларни ташкил этса, Марказий Осиё давлатларининг ташқи савдо кўрсаткичларининг умумий хажми 170 миллиард долларга яқин. Лекин икки минтақа ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш умумий хажми 6 миллиард долларга етмайди.

Мазкур ҳолат туризм йўналишида ҳам яққол кўзга ташланади. Бунга мисол сифатида эксперт Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё давлатлари билан сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлигининг ҳозирги даражасини келтириб ўтди.

Унинг тақдим этган маълумотларига кўра, 2019-2020 йилларда Ўзбекистонга ташриф буюрган Жанубий Осиё сайёҳларининг умумий сони 125 минг кишини ташкил этди. Бундай кўрсаткич бу даврда Ўзбекистонга ташриф буюрган туристлар умумий сонининг 1,5%инигина ташкил этади – деб фикрларига изоҳ берди эксперт.

Шу ўринда транспорт–транзит йўналишини СМТИ вакили энг истиқболли соҳа деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, амалга оширилиши режалаштирилаётган “Трансафғон” транспорт йўлаги нафақат икки минтақани боғлайди, балки Марказий Осиё мамлакатларига жаҳон бозорларига чиқиш учун қўшимча имконият яратиб беради. Умуман олганда маданий цивилизацион ва тарихий муштаракликка асосланган савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва инвестицион ҳамкорлик кенг макроминтақавий ҳудудда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун янги шарт-шароитлар ва улкан имкониятлар яратиши мумкин. Бу эса ўз навбатида, яқин истиқболда Марказий Осиё давлатлари ҳудуди Жанубий Осиё учун Евроосиё минтақаси улкан бозорига чиқиш учун муҳим бўғин вазифасини бажариши муқаррар.

Бундан ташқари, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини икки минтақадаги барқарорликка таҳдид солаётган хавфларни биргаликда бартараф этиш каби муштарак манфаатлар бирлаштириб туради. Шу маънода, кутилаётган анжуман умумий таҳдидларга қарши биргаликда кураш тизими асосларини барпо этиш учун йўл очиб беради

Шу боисдан Ўзбекистон ташаббуси Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари муносабатларининг янги тарихида бурилиш нуқтасини ясашга қодир – деб фикрларини якунлади А.Каримов.

Related Articles

Back to top button