O`zbekiston

Бемор даволанганда фойдаланилган дори-дармонлари ҳақида маълумот олиш ҳуқуқига эга

Адвокатлик фаолиятимизда шифохоналарда даволаниб, ортиқча дори-дармон харажатлари қайд этилганлиги, уни суд орқали ундириш истагида амалий кўмак сўраётганлар учрайди. Бунга сабаб қилиб бу масалада ўз талаблари шифокорлар томонидан бажарилмаётганлигини кўрсатишади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги «Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорининг 2-бандида касалхоналарда даволанаётган шахслар махсус дафтарларга улар учун амалда сарфланган дори-дармон препаратларига имзо чекиши белгиланган.

Бу қарор даволаш-профилактика муассасаларида бюджет маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиётга оид маҳсулотларни тарқатиш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш тартибини белгилайди. Шунингдек, бемор ва унинг вакили даволаниш даврида, соғайиб чиққандан кейин ҳам касалхона ва ўзи ҳисобидан ишлатилган дори-дармонлар ҳақида маълумотнома олиш ҳуқуқига эга.

Тиббиёт муассасасида бўлим катта ҳамшираси дорихонадан олинган дориларнинг ҳисобини юритиш учун «Олинган дориларни ҳисобга олиш жунали»ни юритиши керак. Журналда қайси бемор учун дори олинган бўлса, уларнинг исми-шарифини касаллик баённомаларининг тартиб рақами билан рўйхатдан ўтказади. Кейин эса олинган дори воситалари ва тиббиётга оид маҳсулотларни шифокор тавсияларига кўра фойдаланиш учун палата ҳамшираларига имзо қўйдирган ҳолда тарқатади.

Ҳамширалар даволовчи шифокор тавсияларининг бажарилиши ҳақида ва беморга ишлатилган дориларни қайд этиш, шунингдек, беморларнинг исми-шарифи ва касаллик баённомаларининг тартиб рақамларини белгилаб бориш учун махсус «Фойдаланилган дориларни ҳисобга олиш журнали»ни юритиши лозим. Бу журнал саҳифаларига тартиб рақами қўйилган, тикилган ва муассаса раҳбарининг имзоси билан муҳрланган бўлиши шарт. Ушбу журналга шифохонада даволанаётган ҳар бир бемор ўзларига ишлатилган дори-дармонлар миқдорини тасдиқлаб, имзосини қўяди.

Жиноят оқибатида ва бошқа оғир ҳолатларда эс-ҳушини йўқотган ва реанимация ҳамда сунъий нафас олдириш бўлимларида даволанаётган беморларга ишлатилган дори воситалари ва тиббиётга оид маҳсулотлар миқдори «Фойдаланилган дориларни ҳисобга олиш журнали»да кўрсатилиб, бўлими мудири, даволовчи шифокор ва катта ҳамширанинг имзоси билан тасдиқланади.

Э.ҚОДИРОВ,
Пахтачи туманидаги «Адолат нури»
адвокатлик бюроси раҳбари.

Related Articles

Close