O`zbekiston

Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ўринбосари Бўритош Мустафоев вафот этди

12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Бўритош Мустафоев 68 ёшида оғир хасталикдан вафот этган. Бу ҳақда Конституциявий суд ахборот хизмати хабар берди.

Бўритош Мустафоев 1949 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1971 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори лавозимидан бошлаган.

Кўп йиллар давомида прокуратура органларида масъулиятли лавозимларда ишлаб, 1989 йилда Ўзбекистон прокурори, 1993 йилда эса Ўзбекистон Бош прокурори лавозимига тайинланган. 1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Адлия вазирининг ўринбосари, Конституциявий судининг раиси, Марказий сайлов комиссиясининг раиси, Олий судининг раиси лавозимларида ишлади.

2014 йилда Ўзбекистон Конституциявий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланиб, умрининг охиригача шу лавозимда меҳнат қилиб келди.

Бўритош Мустафоев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони, II даражали «Шон-шараф» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган. Олий малака даражали судья. I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси.

«Бўритош Мустафаев оқил ва олийжаноб, Ватанни самимий севадиган ва халқи учун жонкуяр инсон эди. У мустақил Ўзбекистоннинг шаклланиши ва давлатчиликни мустаҳкамлашга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга, ҳуқуқий тизимнинг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган», — дейилади Конституциявий суд ахборотида.

Сайт таҳририяти Бўритош Мустафоевнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдарлик билдиради.

Sof.uz

Related Articles

Close