Madaniyat

Сурхондарё вилояти хотин-қизларига байрам табриги

Мунис ва муҳтарама онахонлар!

Қадрли опа-сингиллар!

Шу кунларда барчамиз юртимизга кўклам элчиси сифатида кириб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрамини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кенг нишонламоқдамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Шуни мамнуният билан эътироф этишимиз керакки, бугун ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қўлга киритилаётган барча ютуқларимиз замирида Сиз – хотин-қизларимизнинг алоҳида ўрнингиз бор.

Жамият тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган аёлларимизнинг меҳнатлари эса ҳамиша давлатимиз эътиборида.

Куни кеча Президентимизнинг тегишли қарори асосида, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Шеробод туманидаги якка тартибдаги тадбиркор, пайвандчи Насиба Шарипова “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Термиз шаҳридаги “Хамидий” хусусий корхонаси директори Мухаббат Мингбаева ҳамда Қумқўрғон туманидаги “Ариқ ошган” фермер хўжалиги иш юритувчиси, бахши Зулхумор Шерназарова “Дўстлик” ордени билан, Музработ туманидаги “Анор Умр” фермер хўжалиги бошлиғи Муқаддас Исмоилова ҳамда Термиз туманидаги “Ангел Фаришта” оилавий корхонаси раҳбари Назира Шобердиева “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Жорий йилнинг 3 март куни 2 нафар истеъдодли қизимиз – Ўзбекистон шахмат федерациясининг Халқаро шахмат академияси спортчи-ўқувчиси Умида Омонова ҳамда Термиз давлат университети талабаси Нилуфар Комилжонова Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлди.

2021 йилнинг февраль ойида эса сурхондарёлик 17 нафар хотин-қизлар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Давлатимизнинг юксак орден ва медаллари, давлат мукофотлари, кўкрак нишонлари билан тақдирланган ушбу воҳадошларимизни яна бир бор самимий муборакбод этамиз.

Азиз опа-сингиллар!

Вилоятимиз аҳолисининг қарийб ярми – 1 миллион 329 минг нафари (49,6 фоизи) хотин-қизлардир. Уларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Охирги тўрт йилда бу борада 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Ушбу қонун, фармон ва қарорлар, шунингдек, Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган долзарб вазифалар ижроси юзасидан вилоятимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “Аёллар дафтари”га 28 минг 928 нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 3 минг 566 нафарига манзилли ёрдамлар кўрсатилди.

Ҳозирда 9 та мезон асосида ишлар изчил давом эттирилиб, аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Азиз аёллар, қадрли опа-сингиллар!

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 26 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида янги босқични бошлаб берди, десак хато қилмаган бўламиз.

Ушбу йиғилишда белгилаб берилган долзарб вазифалар асосида ҳозирда “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ечиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли иш олиб борилмоқда.

Мунис ва муҳтарама онахонлар!

Азиз опа-сингиллар!

Сўзим якунида Сизларни яна бир бор байрам билан қутлаб, доимо соғ-саломат юришингизни, оилангиз бахти бутун, ҳар бир куни файзли бўлишини тилайман.

Илоҳим, қалбингиз ғам, кўзингиз нам кўрмасин!

Доимо халқимиз ва Ватанимизнинг юксак меҳри, ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб қилсин!

Байрамингиз муборак бўлсин!

Тўра БОБОЛОВ

Сурхондарё вилояти ҳокими

Related Articles

Back to top button