Hodisalar

Табиат ва атроф-муҳитга етказилган зарар айбдордан ундирилди

Ҳаттоки, бир гиёҳ турининг йўқолиши ҳам яшил олам мувозанати бузилишига сабаб бўлиши мумкин!

Даъвогар Сурхондарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, суддан жавобгар Х.М.Ч. “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига зид равишда табиий ҳолда ўсиб турган диаметри 15см, 15см, 18см, 12см, 24см, 11см, 15см, 18см, 14см, 12см, 14см, 14см, 14см, 13см, 17см, 11см, 15см, 17см, 20см, 15см, 8см, 7см сантиметр 22 дона теракни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаганлиги натижасида табиатга зарар етказгани учун  жавобгардан 6.180.000 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Жавобгар Х.М.Ч. га суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида маълум қилинган бўлсада, судда иштирок этмади, иштирок этмаслик сабабини ҳам судга маълум қилмади. Шу сабабли суд ишнинг унга нисбатан қисмини Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 280-моддасида назарда тутилган тартибда сиртдан кўради деб кўрсатилган. Суд даъвогар вакилининг тушунтиришини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатлар ва материалларни ўрганиб, муҳокама ва таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра, даъвони қаноатлантиришни лозим топган.

Аниқланишича, жавобгар Х.М.Ч. умумтаълим мактаб ҳудудидан табиий ҳолда ўсиб турган 22 туп теракни кесиб ташлаган ва ҳолат юзасидан жавобгар Х.М.Ч.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилган ва маъмурий жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 49-моддасида, юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда қоплашлари шартлиги белгиланган.

Шу боис суд даъвогар Сурхондарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Х.М.Ч. га нисбатан етказилган зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган ҳамда Х.М.Ч. ҳисобидан даъвогар Сурхондарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасифойдасига 6.180.000 сўм етказилган зарар ва 30.000 сўм почта харажати ундириш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, кенг миқёсдаги экологик инқирозга йўл қўймаслик инсоният олдидаги долзарб вазифаларга айланган. Табиат ва инсон ўртасидаги муносабат маълум бир қонунлар орқали бошқарилади. Уларга риоя қилмаслик эртами, кечми, албатта экологик ҳалокатга олиб келади. Табиатда турларнинг ривожи занжир каби бир-бири билан чамбарчас боғланган, улар ўзаро яхлит экотизимни ташкил этади. Ҳаттоки, бир гиёҳ турининг йўқолиши ҳам яшил олам мувозанати бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Мухтасар айтганда, она табиатга меҳр-муҳаббат руҳида ёндашиш, оилада экологик тарбияни кучайтириш, ҳар бир инсонда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш зарур. Табиат инсонларнинг барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондирувчи асосий манбадир. Зеро, она табиат аждодлардан қолган мерос бўлибгина қолмай, балки келажак авлодга бешикаст қолдиришимиз зарур бўлган амол ҳисобланади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро суди раиси                               М.Э.Номозов

 

Related Articles

Back to top button