O`zbekiston

1 ФЕВРАЛДАН НИМАЛАР ЎЗГАРАДИ?

1. Иш ҳақи миқдори 1,07 баробарга ошади

Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори 1,07 баробарга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 679 330 сўм;

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 238 610 сўм;

энг кам ёшга доир пенсиялар – ойига 466 680 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 466 680 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 286 390 сўм этиб белгиланади.

Шунингдек, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, 2 ёшгача бола парвариши нафақаси, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамнинг қуйидаги миқдорлари белгиланади:

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:

• битта болали оилаларга – 131 000 сўм;

• иккита болали оилаларга – 217 000 сўм;

• учта ва ундан ортиқ болали оилаларга – 304 000 сўм;

2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа – 434 000 сўм;

кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача;

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам – 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача.

Базавий ҳисоблаш миқдори – 223 000 сўм ўзгаришсиз қолдирилди.

2. Алкоголь маҳсулоти сифати органолептик баҳоланади

Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси тўғрисидаги низом кучга киради.

Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини органолептик хусусиятларига кўра маҳсулотнинг сифатини органолептик баҳолаш ҳисобланади.

Комиссия органолептик баҳолаш натижалари ҳақида Молия вазирлиги ҳузуридаги Алькоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига хабар беришга мажбурдир.

3. Юридик шахсларнинг даъво аризасини иқтисодий судга электрон юбориш имкони яратилади

Қуйидагича тартиб ўрнатилади:

  • экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;
  • фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори Молия вазирлиги томонидан келишилган ҳолда белгиланади;
  • юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади.

4. Кафолат жамғармаси ташкил этилади

Давлат қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳа ва дастурлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва кафолатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Кафолат жамғармаси ташкил этилади.

5. Чемпионлар ОТМларга синовларсиз қабул қилинади

Босқичма-босқич олимпия спорт турлари бўйича республика спорт мусобақаларида допинг-тест намуналарини олиш тизими жорий этилади.

Спорт соҳасидаги ютуқларни муносиб рағбатлантириш мақсадида:

Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3 ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар бюджетдан молиялаштириладиган ОТМларга (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади;

“Болалар спорт ўйинлари”нинг жамоавий ўйин турлари бўйича республика босқичи:

• ғолибларига (1-ўрин) ОТМларга кириш имтиҳонларида соҳа бўйича мутахассислик фанидан максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи, 3 йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади;

• ғолиб ва совриндорларни (1-3 ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари 1-ўрин учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг – 6 баравари, 2-ўрин учун – 4 баравари, 3-ўрин учун – 3 баравари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади;

мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган жисмоний тарбия фан олимпиадасининг ғолиб ва совриндорларини (1-3 ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт таълим муассасаларининг тренерлари малака аттестациясига жалб этилмасдан, уларга тегишли малака тоифалари тўғридан-тўғри берилади;

👉 олимпия спорт турлари бўйича республика (1-ўрин) ва халқаро мусобақаларда ғолиб чиққан ОТМ талабаларини тайёрлаган жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги кафедралар ўқитувчиларига навбатдаги илмий унвонлар (доцент, профессор) тўғридан-тўғри берилади.

6. Пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига субсидиялар берилади

2020 йил 1 февралдан бошлаб:

  • пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига томчилатиб суғориш тизимини жорий этган ҳолда янгидан ташкил этилган тутзорларнинг ҳар бир гектарига 8 миллон сўмгача;
  • майдони 35 гектардан зиёд тутзорларда сув чиқариш учун бурғуланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади.

Шунингдек, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти раҳбар ходимларининг иш ҳақи фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади.

Related Articles

Back to top button