Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев: Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади. Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади.

Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади.

Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

Иккинчидан, она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур.

Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилинади.

Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади.

Бундан ташқари, “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади.

Олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларига хусусий шифохоналар ҳам жалб қилиниб, уларга субсидия ажратилади.

Аҳолига энг яқин, унинг саломатлиги билан бевосита шуғулланадиган ўрта бўғин тиббиёт ходимлари – ҳамшира ва фельдшерларнинг обрўси ва мавқеини оширишга алоҳида урғу берамиз.

Жумладан, 47 та Ибн Сино техникумини ҳар йили битирадиган 20 мингдан ортиқ ўғил-қизларимиз тиббиётнинг бир нечта соҳаларида касб эгаси бўлиб чиқади.

Шунингдек, ўрта бўғин тиббиёт ходимларига “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда 12 мингдан зиёд фуқароларимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда. Шу сабабли келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.

Ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олинади ва шу мақсадлар учун бюджетдан 140 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида ҳудудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади. Бунинг учун 2021 йилда бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир масала – аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этамиз. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир.

Келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда қамров ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади.

Спорт ҳақида гапирганда, яна бир муҳим вазифа олдимизда турганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Яқинда Осиё олимпия кенгаши 2025 йилда Ёшлар ўртасида Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч, десак, тўғри бўлади.

Айни вақтда, бунинг масъулияти ҳам катта эканини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Қитъамиз миқёсидаги ушбу мусобақага ҳозирдан бошлаб пухта тайёргарлик кўришимиз лозим.

Олтинчидан, халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилади ва реконструкция қилинади.

Тошкент шаҳрининг марказида – Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуасини барпо этиш бўйича амалий ишлар бошланади.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлайди.

Илгари кўп йиллар давомида ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта ташкил этилади.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Бой тарихимиз дурдонаси бўлган 7 мингдан зиёд маданий мерос объектини асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур. Афсуски, кейинги пайтларда бебаҳо маданий меросимиз бўлган айрим обидаларимизга зарар етказиш ҳолатлари учраётгани бу борада эътибор сусайганидан далолат беради.

Бу иш нафақат Маданият вазирлиги, балки маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳам диққат марказида бўлиши керак.

Ҳукумат бир ой муддатда маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилиши лозим.

Related Articles

Back to top button