Madaniyat

Оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди

13 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Унда оилавий ажралишларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ҳамда Олий суд раиси ўринбосарининг ахборотлари эшитилди.

Мажлисда Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатида мамлакатимизда оилавий ажралиш сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 333 тага камайган.

Бунинг оқибатида жорий йилда республика бўйича 14 528 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки онанинг меҳридан маҳрум бўлган. Ажримларга ичкилик, гиёҳвандликка ружу қўйиш ва оиладаги эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги каби ҳолатлар сабабли ҳам оилаларнинг парчаланишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари томонидан, аввало, шундай ҳолатларнинг олдини олишга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, маҳаллалар қошидаги бўлғуси келин-куёвларни турмушга тайёрлаш бўйича қисқа муддатли мажбурий ўқув курслари ташкил этилган ҳамда уларга психологлар, тажрибали, обрўли отахон ва онахонларни бириктириш бўйича низом ва ўқув дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган. Шунингдек, карантин вақтида ўқувларни онлайн ташкил этиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “@oilasaboqlari” канали фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ФҲДЁ органларига ариза билан мурожаат қилган, лекин карантин туфайли тўйлари ўтказилиши тўхтатилган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларни мазкур телеграм канали орқали онлайн ўқитиш ташкиллаштирилган.

Статистик маълумотларга кўра, 2017–2019 йиллар мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 134 мингга яқин никоҳдан ажратишга доир ишлар кўриб чиқилган. Уларнинг натижалари бўйича 48,6 фоиз бўйича аризалар қаноатлантириши рад этилиб, оилалар сақланиб қолинишига эришилган.

Шу билан бирга, ўрганиш давомида бу йўналишдаги ишларда айрим тизимли хато ва камчиликлар аниқланди. Хусусан, оилавий ажралишлардаги рақамлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу борада илмий асосланган тавсиялар ва ечимлар етарли эмас. Ҳамкор ташкилотларнинг оилавий ажримларни камайтириш учун қўллаётган чораларининг самараси кам бўлмоқда.

Фуқаролик судлари амалиётида оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида барча ҳамкор ташкилотларнинг масъулиятини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Ёшлар ўртасида салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида уларнинг тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиш, иш билан бандлигини таъминлаш, шахсий даромадларини оширишга кўмаклашиш, оила муқаддаслиги, қадриятларни тиклаш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари тизимли йўлга қўйилмаган. Бу эса оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қадриятларни авайлаш ва ривожлантириш, айниқса, ажралишларнинг олдини олишда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу жиҳатдан мажлисда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги келгусида келин-куёвларни оилага тайёрлаш, қонуний расмийлаштирилмаган никоҳлар ва оилавий ажралишларнинг олдини олиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда самарали тавсиялар ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, ўрганиш давомида аниқланган бошқа муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Сенат Қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button