O`zbekiston

Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод қилинди

Президентимиз йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволидан халқимиз мутлақо норозилигини таъкидлади.

Масалан, ўтган олти ойнинг ўзида 4 мингга яқин авто-авариялар содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган.

“Эътибор беринг, 48 фоиз аварияларнинг сабаби йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳисобланади.

Вазиятни яхшилаш бўйича “Ўзавтойўл” ва ҳокимликларнинг масъулияти умуман сезилмаяпти. Улар фақат асфальт ётқизиш билан овора, ҳаракат хавфсизлиги эса эътибордан четда қолиб кетган”, — деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбари О.Саидовга ҳайфсан берилди. Шунингдек, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод қилинди.

Йиғилишда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилиши таъкидланди.

Энди йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади.

Энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитасини шакллантириб, уларни тартибга солиш учун:

— нечта светофор ёки қанча узунликдаги йўл тўсиқлари керак;

— қайси ҳудудларга ер усти ва ер ости пиёда йўлаклари зарур;

— ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётган “яма” ва “гармошкалар”ни таъмирлаш учун қанча маблағ зарур, деган саволларга аниқ ҳисоб-китобларини бериш топширилди.

Мутасаддилар ва барча вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда консультантларни жалб қилиб, ҳудудидаги энг хавфли йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш лойиҳасини бошлашга кўрсатма берилди.

Related Articles

Back to top button