Hodisalar

ШЎРЧИ ТУМАНИДА 10 ТА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ БАНКРОТ ДЕБ ТОПИЛДИ, ЭНДИ УЛАРНИ КИМ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?

2023 йил 6 июл куни Шўрчи туманидаги 10 та фермер хўжаликларини банкрот деб топиш тўғрисида Денов туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори қабул қилинди. Суднинг ҳал қилув қарори устидан шикоя қилиш муддати яъни бир ой муддат ҳам ўтиб бўлди.

Иш аризачи Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг фермер хўжаликларини банкрот деб топиш ҳақидаги аризасига кўра очилган ва судда жавобгар вакилларисиз кўрилган.

Шу масалада таҳририятимизга мурожаат этган “JANUB-SHARQ-DIYORI” фермер хўжалиги бошлиғи Равшанов Шаймардан Омандавлатович билан суҳбатлашганимизда хўжаликдан “Инденим” кластери 50.0 млн сўм, “Шўрчи Агропилла” МЧЖ 5,2 млн сўм қарздорлигини ва бу йил хўжалик 28,2  гектар ер майдонларида ғўза ниҳолларини парваришлаб ҳозирги пайтда пахтазорларда илк кўсаклар очилганлигини ва тез кунда дефолиация қилиниши ҳамда бу йилги ҳосил мўл бўлиши кутилаётганлиги, хўжалик фақат пахтанинг ўзидан бир миллард сўмга яқин пахта хом ашёси сотишни режалаштираётганлиги ҳақида сўзлаб берди.

Ундан ташқари, фермер хўжалиги томчилатиб суғориш тизимини ҳам ишга тушириб, экин майдонларини тежамкор усулда суғормоқда. Албатта  бу ҳам катта ҳаражатлар ҳисобига амалга оширилган.

Вилоят Давлат солиқ органлари ходимлари эса фермернинг қиш чилласидан то кеч кузгача далада, йиғилишларда ва  таъминотчи корхоналар орасида югуришини билсаларда негадир солиқ ундириш ҳақидаги талабнома ва бошқа ҳужжатларни фақат soliq.uz сайтида очилган фермер хўжаликларининг шахсий кабинетига электрон шаклда ташлаб қўяверишган, эртадан кечгача ишлаб чарчаган фермер компьютер топиб, унга “Е-ИМЗО” дастурини ўрнатиб soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетига кириб солиқ идораларидан юборилган электрон хабарларни ўқимаган. Аслида бу хабарларни ўқиш учун билими ва тажрибага эга бўлмаган киши албатта ҳар куни юборилган хабарлардан бехабар қолаверади.  Шу сабабли солиқ органлари томондан ўтган йиллар давомида юборилган расмий хабарларнинг биронтаси ҳам  ўқилмаган.

Худди шунингдек, Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳам солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги хабарлар ҳам шу тарзда юборилганлиги сабабли фермер хўжалиги раҳбарларининг хабари бўлмаган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 150-моддасига кўра даъвогар даъво тақдим этганда жавобгарга ва учинчи шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.

Шу кодекснинг 151-моддасига кўра эса даъво аризасининг кўчирма нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар жавобгарга ва учинчи шахсларга юборилганлигини тўғрисдаги ҳужжатларни даъво аризасига қўшиб топшириши шарт эди.

Аммо фермерлар улар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликлари аризаси Сурхондарё вилоят Давлат  солиқ бошқармасининг фермер хўжаликларини банкрот деб топиш ҳақидаги аризасига кўра Денов туманлараро Иқтисодий судида иш қўзғатилганлигидан ҳам, уларни белгиланган тартибда судга чақирилганлигидан ҳам, 2023 йил 6 июл куни фермер хўжаликларини банкрот деб топиш тўғрисдаги ариза қанотлантирилганлигидан ҳам хабари йўқ.

Ушба хабар август ойининг бошида туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан улар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликлари суд томонидан банкрот деб топилганлиги тўғрисида хабар топгандан сўнг Денов туманлараро иқтисодий судига бориб суднинг ҳал қилув қарори нусхасини олгач ҳайрон қолишди.

Фермер хўжалиги ишчиларининг қишнинг изғирини-ю, ёзнинг жазирамасидаги машаққатли меҳнати эвазига дастурхонимиз тўкин.

Улар бу йилги ёзнинг жазирамасида ҳам бошқалардек қимматбаҳо кондиционерлар ўрнатилган салқин хоналарда хордиқ олмасдан, даласидан юқори ҳосил олиш учун кеча-кундуз меҳнат қилди, тунлари экинларини суғорди, кундузи чопиқ қилди, култивация қилди, на кеча ва на кундузи дам олди.

Улар кластерга топширган ғалласининг пулини, ундан аввал  топширган пилласининг пулини  олишни орзу қилиб юрган пайтда ҳали олмаган пуллари учун аллақачон солиқ ҳисобланганлигини ва шу тўланмаган солиқлар учун ишлаётган хўжалигини банкрот деб топилганлигини қаердан билсин?

Фермерларнинг ҳуқуқларини  ҳимоя қилиши лозим бўлган ташкилотлар кўп, ҳаттоки улар фермерлардан тўлов ундиришади, аммо ҳали биронта ташкилот фермернинг олдига бориб: “Сизда қандай муаммо бор?” деб сўраганини ҳеч ким эшитмаган… .

ТЎЛҚИНБЕК

Related Articles

Back to top button