Hodisalar

РАСМИЙ БАЁНОТ

Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Денов туманидаги “Пожур” МФЙ раиси М.Қурбоновнинг “FACEBOOK” ижтимоий тармоғининг “Халқ назорати” рукнида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Сурхондарё вилоят прокурори номига “Яқин кунларда катта жанжал бўлиб кетиши мумкин…!!!” сарлавҳаси остида қилган мурожаати вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ва бошқа тегишли идоралардан мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилди.

Аниқланишича, “Пожур” маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Мерганов томонидан ҳудуднинг “Суғжид” ва “Нови арзан” массивларида, “Пожур” маҳалласида яшовчи фуқаролар номидан фуқаро А.Норов томонидан эса “Суғжид” ва “Хашти хок” массивларида чорва молларини боқиш учун жой ажратиш ҳақида Сариосиё туманидаги “Ҳисор” ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигига мурожаат қилишган бўлиб, уларнинг мурожаатлари ўрмон хўжалигида 06.04.2020 йилда рўйхатга олинган.

Мазкур мурожаатлар бўйича 08.04.2020 йилда “Ҳисор” давлат ўрмон хўжалиги ва юқорида қайд этилган фуқаролар ўртасида ўрмон фонди ерларини яйлов сифатида фойдаланишга бериш тўғрисида А.Норов билан 26-сонли, Қ.Мерганов билан 27-сонли шартномалар тузилган.
Шартноманинг 2.2-бандида, буюртмачи шартнома имзоланган кундан бошлаб яйлов ҳақини тўлиқ тўлаши шартлиги кўзда тутилган бўлсада, фуқаро Қ.Мерганов томонидан 2.896.321 сўм, А.Норов томонидан 2.203.251 сўм яйлов ҳақи ўрганиш кунига қадар тўлаб берилмаган.

“Ҳисор” ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги мухандиси Б.Мирзоқуловнинг хизмат вазифасига ўрмон хўжалигига тегишли яйлов ер майдонларида чорва молларини ўтлатиш учун аризаларни рўйхатга олиш ва шунга оид шартномаларни ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномаларни расмийлаштириш кирсада, тегишли контур ва хариталар илова қилинмасдан фуқаролар Қ.Мерганов ва А.Норовларга “Суғжид” массивида чорва молларини ўтлатиш тўғрисида шартномалар тузилгани оқибатида маҳаллий аҳоли ва фуқаро Қ.Мерганов ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Ушбу ҳолат 16.04.2020 йилда “Ҳисор” ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилиб, фуқаро Қ.Мерганов ва “Пожур” маҳалласи фуқароларига чорва ўтлатиладиган яйлов ер майдони чегаралари кўрсатилиб бўлиб берилган.

Фуқаро Қ.Мергановнинг унга чорва молларини ўтлатиш учун ўлчаб берилган ер майдонида мол ўтлатишига боғ ер майдони яқин бўлган фуқаро И.Сохибов томонидан норозилик билдирилгани бўйича маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида М.Қурбонов томонидан масалани жойида “Ҳисор“ ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги раҳбарлари билан биргаликда ҳал қилиш чоралари кўрилмаган ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилинмаган.

Мурожаатни ўрганиш давомида 01.05.2020 йилда вилоят прокуратураси, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси, Сариосиё туман прокуратураси, Денов туман ИИБ ходимлари иштирокида “Ҳисор” ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги томонидан фуқаро Қ.Мергановга “Суғжид” массивидаги 40, 28қ-контурлардан 20 гектар, “Нови арзан” массивидаги 38қ-контурдан 10 гектар, фуқаро И.Сохибовга 52-қ контурдан 4 гектар, “Пожур” маҳалла фуқароларига “Хашти хок”, “Коскин”, “Суғжид” ва “Чоржуфта” массивларидаги 37қ, 38қ, 41, 42, 43, 46, 47, 48, 49, 50 ва 51-контурлардан жами 215 гектар яйлов ер майдони маҳалла аҳолисига чорва молларини ўтлатиш учун харитада белгилаб берилган ҳолда қайтадан тақсимлаб берилди.

Ҳолат юзасидан муаллиф М.Қурбонов тушунтириш хатида мурожаат ижобий ҳал қилиниб қаноатлантирилганини маълум қилиб, миннатдорчилик билдирган.

Мурожаатда қайд этилган низони ҳал қилишга ҳокимият ва прокуратура раҳбарларининг иложи етмаётгани ҳақидаги важ ўрганилганда, “Пожур” маҳалласи фуқаролар ўртасида яйловдан фойдаланиш бўйича келиб чиққан низо ҳақида юқоридаги идораларга мурожаатлар қилинмаганлиги аниқланди ва келтирилган важ ўз тасдиғини топмади.

Текшириш натижаси бўйича меҳнат интизомини бузганлиги учун “Ҳисор” ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги мухандиси Б.Мирзоқуловга нисбатан 02.05.2020 йилда интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Related Articles

Back to top button