Бу қизиқ

“Нексия”га айланган “ДАМАС”!

Дунёда ҳар нарса бўларкан, ишонаверинг! “Дамас” машинаси “Нексия”га айланиб қолибди. Ишонмайсизми…

Шўрчи туманида яшовчи Муродов Шуҳратга тўсатдан 24.12.2019 йилда “Дамас” русумли 75 O 474 FA давлат белгили автомашина Тошкент вилояти ҳудудида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1283-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши) ҳақида ИИБ ходимининг қарори келди. Орадан сал ўтмай яна  Тошкент вилоятида “Дамас” русумли 75 O 474 FA давлат белгили автомашинасида худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳақида 2020 йил 9 январдаги ИИБ ходими қарори келди. Лекин юборилган фоторадар суратида “Нексия” русумли автомашина 75 O 474 FA рақами билан юборилган экан.

Шуҳрат фоторадар суратини кўриб “ДОД!”деб юборди, негаки сурат анча хира бўлса ҳам унда “Дамас” русумли 75 O 474 FA давлат рақам белгили деб ёзилган бўлсада, суратда “Нексия-2” автомашинаси кўрсатилган. Демак, “Нексия-2” машинаси тезликни ошириб радарга тушган, жарима тайинланиши ҳақидаги қарорнинг  умуман Тошкентга бормаган, уйда турган “Дамас” машинаси эгасига Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этгани ҳақида нусхаси юборилган.

Шухрат ИИБ ЙҲХБ қароридан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президенти порталига мурожаат этди. Шундан сўнг аниқланишича, 75 O 474 ЕA рақамли Нексия автомашинаси давлат белгисидаги “E” ҳарфининг пастки қисмига қоғоз бўлаги ёпиштириб  “F” ҳарфи шаклига ўзгартириб Тошкент вилояти ҳудудида тезликни ошириб ҳуқуқбузарлик содир этган.

17.01.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ томонидан 25/12-338-сонли хат билан маълум қилинишича, Нексия русумли давлат рақами 75 O 474 ЕA транспорт воситасида Тошкент вилояти ҳудудида 2019 йил 24 декабр ва 2020 йил 9 январ кунлари содир этилган белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш қоидабузарликлари бўйича қабул қилинган RA  19104941215  ва RA 20120182685-рақамли жарима солиш тўғрисидаги қарорлари Ўзбекистон Республикаси  МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан бекор қилиниб, маъмурий иш тугатилганлиги маълум қилинган.

Шуҳрат “Ана, ҳақиқат бор экан-ку, давлат рақамини ўзгартириб, тезликни оширган жазосини олади!”-деб хурсанд бўлиб юрганида, қувончи узоққа чўзилмади. Почтачи: “Сизга яна Тошкентдан хат келди”-деб қўлига конверт тутқазиб кетди. Конвертни очса, не кўз билан кўрсинки, яна “Дамас” русумли 75 O 474 FA давлат рақам белгили автомашинада белгиланга тезликни оширганлиги учун 14.03.2020 йилдаги Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ бўлим бошлиғи Шомирзаев Шохрух Шомансуровичнинг  RA 20132378045-рақамли жарима солиш тўғрисидаги қарори!

Тошкентга “Дамас”ида умуман бормаган, қолаверса, қўшни Қашқадарё вилоятига ҳам ўтмаган киши Тошкент вилоятида қандай қилиб фоторадарга тушади. Ахир суратда “Нексия-2” автомашинаси кўриниб турибди-ку!

Ҳайдовчи Шўрчидан Тошкентга боргунча бир неча ЙПХ постидан ўтади, ҳамма постлар бир неча кузатув камераси билан жиҳозланган. ЙҲХБ ходимлари ўша камерадаги тасвирларни кўрса, 75 O 474 ЕA рақамли Нексия автомашинаси давлат белгисидаги “E” ҳарфининг пастки қисмига қоғоз бўлаги ёпиштириб  “F” ҳарфи шаклига ўзгартирганлиги маълум бўлади. Ўша “Нексия”нинг олд тарафидаги давлат рақами 75 O 474 ЕA ҳолатда турибди, орқа томондагиси эса 75 O 474 FA шаклида ўзгартирилган. Радар фақат орқа томондан суратга оларкан.

“Қилни қирқ ёрадиган” Тошкет вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари эса Тошкент вилоятида тезликни ошириб радарга тушган “Нексия” машинасининг суратини Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида умуман Тошкентга бормаган “Дамас” машинаси эгасига юбориш билан оввора, “Дамас” машинасининг эгаси эса 75 O 474 FA машинаси “Нексия” эмас, “Дамас” эканлигини ва Тошкентга умуман 75 O 474 FA рақамли “Дамас” машинасида бормаганлигини исботлаш билан оввора.

“Дамас” билан “Нексия”нинг фарқига бормаган Тошкент вилояти ЙХҲБ ходимларига қойилмисиз?

Оловжон

Related Articles

Back to top button