O`zbekiston

Шавкат Мирзиёев Москвага келди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4 апрель куни давлат ташрифи билан Москвага келди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Икки давлат байроқлари билан безатилган «Внуково-2» аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Президентини Россия ҳукумати аъзолари кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашади.

Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи чоғида икки давлат Президентларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши мўлжалланган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида 3 апрель куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Икки давлат ваколатли вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 16 та икки томонлама битим, шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзолади.

Ташрифнинг асосий воқеалари 5 апрелга белгиланган.

Daryo.uz

Related Articles

Close