O`zbekiston

Ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус инфекциясига қарши кураш ишларига яна бир бор тўхталиб ўтди.

Касалликни юқтирган 2 минг 802 нафар фуқаромиздан 2 минг 314 нафари ёки 82 фоизи бутунлай соғайгани, бу курашда чинакам жасорат кўрсатаётган 23 минг нафар тиббиёт ходимларига жами 78 миллиард сўмдан зиёд рағбатлантириш пули тўлаб берилгани айтилди.

– Касалликка қарши курашиш билан бирга, чет эллардаги фуқароларимиз ҳақида ҳам қайғуряпмиз. Ҳозирги кунгача хориждан 39 минг нафар юртдошларимизни олиб келдик. Ташқарида оғир аҳволда қолган яна 12 минг нафар фуқаромизга тегишли ёрдам кўрсатиб, уларни юртимизга олиб келиш чоралари кўрилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иқтисодиёт тармоқларида фаоллик тикланмоқда. Мисол учун, охирги ҳафтада тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси истеъмоли 13 фоизга кўпайган. Шунингдек, охирги икки ҳафтада биржада цемент савдоси олдинги ойнинг шу даврига нисбатан 104 минг тоннага, ёқилғи маҳсулотлари 74 минг тоннага, қурилиш ойнаси 60 минг квадрат метрга ошган.

Эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратган ҳолда, 110 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг фаолиятига рухсат берилди, 600 мингдан зиёд ходимлар иш жойига қайтди.

Умуман, сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.

18 май куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.

– Қанчалик оғир бўлмасин, нима шароит яратиш зарур бўлса, барчасини қилдик. Энди иқтисодиёт ва инвестиция комплекслари, сектор раҳбарлари қуйи тизимда ушбу имтиёзларнинг ҳар бир тадбиркор ва фуқарогача етиб боришини таъминлаши керак, – деди Президент.

Республика комиссиясига соҳалар ва ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қолган 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам босқичма-босқич рухсат бериш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мамлакатимизнинг 38 та тумани “қизил” зонада қолаётгани боис карантин қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин. Шу сабабли қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш зарур.

Йиғилишда бу борадаги қўшимча чора-тадбирлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатлари ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

– Барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб беради, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мутасадди идораларга мулк дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкни компенсация қилиш бўйича тадбиркорлар фойдасига чиқарилган суд қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимиз топшириғига кўра, тадбиркорлик муҳити ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб борилади. Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиб боради. Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқади.

Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.

Маълумки, йил бошида хусусий нотариусликка рухсат берилгани натижасида 617 та давлат нотариуси хусусий бўлди ва бюджетдан берилаётган 200 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Худди шунингдек, ҳозирги кунда давлат идоралари кўрсатаётган кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ер ажратишда топосуратга олиш каби хизматларни хусусий секторга ўтказилса, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига аниқ ҳисоб-китоб асосида, хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Карантин даврида кўпгина ташкилотлар тўлов қобилиятини йўқотиб, банкротлик ёқасига келиб қолиши мумкин. Шу сабабли, корхонага санация қўлланилса, унинг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги карантин тугаганидан кейин ундирилиши мумкинлиги белгиланди.

Давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизими танқид қилинди, унда ҳалигача бюрократизм сақланиб қолган. Жумладан, аукционга қўйилган айрим ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг инвестиция мажбуриятлари юқорилиги, инфратузилма ривожланмаган жойлардан ажратилгани сабабли уларнинг 53 фоизи кўпдан бери сотилмай турибди. Шунингдек, 57 та туман ва шаҳарда сўнгги 4 ойда тадбиркорлик учун бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмаган. Жойларда давлат улуши мавжуд 552 та объект бўш турибди.

Ушбу иншоотларда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, айримларида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан буён кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилиб, бошқарувга хусусий сектор кенг жалб қилинади. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳокимликлар билан бирга ушбу кичик саноат зоналари жойини аниқлаш, инфратузилмасига маблағ ажратиш, бошқарувга хусусий секторни кенг жалб қилиш билан шуғулланади. Уларни инфратузилмага улаш учун жорий йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 миллиард сўм ажратилади.

Пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига ажратилган 1 триллион сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилди. Шу боис, ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион доллар ресурс ажратилди.

Президентимиз маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади. Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Маҳсулотларга талабни яратиш учун савдо фаолиятини рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини ошириш мақсадида истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда тижорат банклари олдидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналарига келган мурожаатларнинг 55 фоизи банк кредитлари билан боғлиқлиги бу борадаги муаммолар кўламини кўрсатади. Шунингдек, банк хизматлари бўйича тадбиркорлар мурожаатлари Миллий банкда 10 фоиз, Микрокредитбанкда 11 фоиз, Агробанкда 13 фоиз ижобий ҳал қилинган, холос.

Президентимиз банк фаолиятига мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига қараб баҳо берилишини алоҳида қайд этди.

Тижорат банклари кичик бизнес ривожида муҳим бўғин экани, ҳар бир тумандаги “ўсиш нуқталари”га маблағ йўналтириб, тадбиркор ва фуқароларни қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.

Related Articles

Back to top button