Маданият

Жиноятчи шахсининг тузилиши

Шахсда жиноий хатти-ҳаракатларни юзага келтирувчи, жамият манфаатларига ёт бўлган қарашлар, кўникмалар, одатлар ва мойилликлар, ўз моҳиятига кўра ўзгача тус олган салбий эҳтиёжлар, уларнинг қасди ва мақсадларини атрофлича таҳлил етиш катта аҳамиятга эгадир. Шу орқали жиноятчининг шахсида мавжуд бўлган салбий ижтимоий муносабатларни аниқлаш имконияти юзага келиши мумкин.

Жиноятчи шахсининг тузилиши нафақат уни ташкил қилувчи белгиларнинг турли эканлигини, балки уларнинг хусусиятларини, жиноий хатти-ҳаракатлар келиб чиқишида тутган ўрнини, ўзаро алоқаси ва узвий боғлиқлигини кўрсатади.

Жиноятчи шахси – жиноят содир қилган шахсни таърифловчи, жиноят содир қилишини тақозо қилган, ижтимоий аҳамиятга эга хусусиятлари, хислатлари, белгилари, алоқалари ва муносабатларининг йиғиндиси.

Шахсни муайян жиноят субъекти деб топиш учун қонунда белгиланган мезонлар (ақли расо, жисмоний шахс, жиноят қонунида белгиланган ёшга тўлганлиги)ни аниқлашнинг ўзи кифоя бўлган жиноят ҳуқуқи фанидан фарқли ўлароқ, криминологияда жиноятчилик сабабларини ўрганиш учун жиноят субъекти ҳақидаги бошқа маълумотлар (демографик, ижтимоий-ахлоқий, психологик, жиноий-ҳуқуқий ва бошқа белгилар тавсифи) ҳам зарур.

Жиноятчи шахсини одамлар оммаси ичидан ажратиб олиш иккита асосий мезон, яъни ҳуқуқий ва ижтимоий белгилари билан амалга оширилади. Фақат ҳуқуқий мезондан келиб чиқилганда жиноятчи шахси чуқур таҳлил қилинмай, фақат жиноят содир қилган шахс сифатида қаралади.

Бундай фикрлаш жуда ҳам тор ва жиноятчи шахсига хос хусусиятларни очиб беришга имкон бермайди. Шунинг учун жиноятчи шахсини ўрганишда иккинчи, ижтимоий мезон асосий ўрин эгаллайди. Ижтимоий мезонга кўра, жиноятчи шахсига у ёки бу даражадаги жамиятга зид йўналиш ёки энг камида алоҳида ижтимоий зид хусусиятлар хосдир. Бу қоида фақат ашаддий жиноятчиларга эмас, балки тасодифий жиноятчига ҳам, шунингдек, еҳтиёцизлик оқибатида жиноят содир қилган шахсларга ҳам хосдир.

Жиноятчи шахси инсоннинг асосан жиноий хулқ-атвор хусусиятлари билан боғлиқ бўлган бошқа ҳар хил кўрсаткичларини ҳам қамраб олади.

Жиноятчи шахсини тўлиқ тушуниш ва баҳолаш учун унинг ҳам ижобий, ҳам салбий хулқ-атворини белгиловчи барча хислатлари ва хусусиятларини, унга хос бўлган барча хислатлар тизимида ижтимоий салбий хислатлари улушини ҳисобга олиш зарур.

Жиноятчи шахси жиноий-ҳуқуқий жиҳатдан ўзига хослиги ва шахс ҳаракатларида қайси турдаги жиноят содир етилганлиги, иштирокчилик шакли, рецидив жиноят ҳамда тайинланган жазо тури ва ҳажми кабилар мавжудлигини эътиборга олган ҳолда тавсифланади.

Қўлланилаётган жазонинг самара бериш-бермаслигини таҳлил этиш эса, жиноий-ҳуқуқий чоралар таъсирчанлигини баҳолашда катта аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради.

Жиноятчи шахсининг ижтимоий-демографик белгилари – жинс, ёш, оилавий ва ижтимоий ҳолат, маълумот, касб ва ҳоказолар аҳоли турли ижтимоий табақаларининг жиноий фаоллигини аниқлаш, жиноят содир етган шахсларнинг ёш ва жинс хусусиятларини кузатишга ёрдам беради. Шахснинг оилавий ва ижтимоий ҳолатини тадқиқ қилиш муайян жиноятчининг шахси шаклланишига таъсир кўрсатган криминоген омиллар ва ҳолатларни аниқлашга кўмаклашади.

Жиноят содир қилган шахсларнинг аксарият кўпчилиги ҳуқуқий онгининг бузилганлиги билан тавсифланади. Бу улар қонунларни билмайди, дегани эмас. Кўпгина жиноятчилар, айниқса, рецидивистлар, профессионал жиноятчилар юқори даражада ҳуқуқий билимга эга, лекин ҳуқуққа, қонун нормаларига бўлган ҳурмати йўқ ва уларга риоя қилиб фаолият кўрсатиш эҳтиёжи шаклланмаган. Умуман, жиноятчиларга маънавий характердаги бузилишлар ва четга чиқишлар хосдир. Бу маънавий бузилиш ва четга чиқишлар озгина даражадан то бутун бир комплекс ғайриижтимоий қарашлар ва хатти-ҳаракатларни шакллантириши мумкин. Бундай ғайриижтимоий йўналиш ва хусусиятлар асосан жиноятчи-рецидивистларга, қасдан жиноят содир қиладиганларга хос бўлиб, уларнинг ҳаётий эҳтиёжини қондириш ва вазифаларни бажаришда жиноий жазоланадиган воситани, йўлни танлашни белгилаб беради.

Криминологик адабиётларда қайд етилишича, жиноятчи шахсининг руҳий хусусиятлари жиноятчи бўлмаган шахс руҳий хусусиятларидан фарқ қилади. Кўпчилик зўравон жиноятчиларга тажовузкорлик, ғайри ижтимоий хулқ, турли даражадаги руҳий четга чиқишлар (ақли расолик даражасида) хос. Лекин, бу психологик хусусиятлар иқтисодий жиноятларни содир қилувчи талончиларга хос эмас. Уларнинг психологик хусусиятлари қонунга бўйсунувчи (риоя қилувчи) фуқаролар психологиясидан фарқ қилмайди. Талончилар зўравон жиноятчиларга нисбатан турли ижтимоий вазиятларга ва уларнинг ўзгаришига кўпроқ мослашган, ижтимоий норма ва талабларга бошқаларга нисбатан яхши мослаша оладиган, чидамлироқ, ўз хатти-ҳаракатини назорат қила оладиган бўлади. Улар кўпроқ киришимли (дилкаш) бўлади, ижтимоий муносабатларни ўрнатишда қийинчиликларни сезмайди, кўпчилигида сардорликка интилиш, ижтимоий тан олиш эҳтиёжи каби хусусиятлар учрайди .

Криминологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, жиноят содир қилган шахс лар маънавий-руҳий хусусиятлари бўйича турлича, уларнинг ҳаммасига ёки кўпчилигига хос бўлган қандайдир ягона маънавий-руҳий хусусиятлар мавжуд емас. Шунинг учун криминологик нуқтаи назардан маънавий руҳий хусусиятлар уларнинг алоҳида тоифаларига, гуруҳларига хос ҳолда ўрганилиши ва баҳоланиши лозим.

                                                                                      

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари буйича судлов ҳайъати судя катта ёрдамчиси Ж.Убайдуллаев

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button