Madaniyat

Томорқа – даромад манбаи

Бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида иқтисодий инқироз асоратлари давом этиб, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб бўлиб бормоқда. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аҳолининг сабзавот ва полиз маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли таъминлаш, ердан самарали фойдаланиш орқали кўпроқ маҳсулот етиштириш тизимини яратиш энг устувор масалалардан биридир. БМТ халқаро ташкилоти ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидлаяпти.

Шу маънода пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган қатьий карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш, ички бозорда нарх-наво ошиб кетмаслиги кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимиз, кичик бўлса-да, тадбиркорлик билан шуғулланишимизга боғлиқ.

Айни шу кунларда кўпчилик фуқароларимиз вақтини асосан оила даврасида ўтказяпти. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонидаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилса, аввало, келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни қондириш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Халқимиз азалдан деҳқончиликда, боғ яратиш ишларида намуна бўлиб келган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олаётганлари ҳам орамизда кўплаб топилади. Айтайлик, бу борада қизилтепаликларда ҳам катта тажриба тўпланган. Туманда 28 минг 304 нафар томорқа ер эгалари томонидан 2333 гектар ер майдонида баҳорги экин ишлари якунига етмоқда. Туманда 1,5 минг гектар майдонда тўқсонбости усулда сабзавот экинлари етиштирилаяпти. Ҳозирда ана шу ерлардан халқимиз оқилона фойдаланяпти, дея олмаймиз. Унга битта баҳона сув камлиги, “эккан экинларимиз саратонда сув етишмаслигидан қуриб қолади” дея рўкач қилиниши табиий. Шу мақсадда бу йил аҳоли талабларидан келиб чиқиб 400 та қудуқ қазилиб, насослар ўрнатилиб берилади.

Аслида томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли эканлигини унутмаслигимиз лозим. Муҳими, бир жойда тўхтаб қолмаслик.

 Улуғбек ФАЙЗИЕВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Related Articles

Back to top button