Bu qiziq

Суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилди

Сўнги йилларда суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди, бундан кўзланган асосий мақсад энг аввало фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг адолатли судловга фойдаланиш даражасини ошириш, шунингдек учинчи ҳокимият ҳисобланадиган ва давлатнинг устунларининг бирини суднинг мавқеини мутаҳкамлашдир.

Юртимизда қонун устиворлигини таъминлаш ва шахсларнинг манфаатларини янада ҳимоя қилинишини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Иқтисодий процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қайд этилган қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қандай омиллар сабаб бўлди?

  1. Суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин судлари (вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судлар)нинг имкониятларидан самарали ва тўлақонли фойдаланиш эҳтиёжи;
  2. Шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятлари камлиги (апелляция шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилса ва шу инстанцияда иш кўрилмаса, кассация тартибида шикоят бериш имкони йўқлиги);
  3. Кассация инстанцияси суд мажлисларида иштирок этиш учун тарафларнинг бошқа ҳудуддаги судга бориш эҳтиёжи мавжудлиги.
  4. Ишни кўриб чиқиш муддатларини узоқлиги (аввал юқори инстанция суди томонидан ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш амалиёти мавжуд эди).

Мазкур ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши натижасида, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилди. Бу тартиб одил судловга эришиш имкониятлари янада оширади ҳамда аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам беради.

Биринчи инстанция судининг қарор ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади, бу янги институт ҳисобланади ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддатилари қандай?

Бу мазмундаги шикоят (протест)лар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ишни тафтиш тартибида кўриш якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди қарор қабул қилгунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг протести ишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай келтирилиши мумкин.

Тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоят (протест) бериш муддатининг ўтказиб юборилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Тафтиш шикоятида (протестида) тафтиш инстанцияси судининг номи, шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг жойлашган ери (почта манзили ёки яшаш жойи)суднинг ҳал қилув қарорини, қарорни қабул қилган суднинг номи,  ишнинг рақами, ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинган санаси, шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шикоят (протест) бераётган шахс суд ҳужжатини қонунларга ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилган ҳолда нотўғри деб ҳисоблашига оид асослари, илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилиши керак.

Тафтиш тартибидаги шикоят шикоятни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак. Протест уни келтирган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.

Амалга оширилаётган ишлар фуқароларни судларга мурожаат қилиниш кафолатларини оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларни сифатли ва ўз вақтида кўрилишига эришишга қаратилгандир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, суд тизимидаги жорий этилаётган янгиликлар ҳамда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар юртимизда инсон манфаатлари ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий судининг судьяси

Бобомуратова Нилуфар Сайпитдиновна

Related Articles

Back to top button