Madaniyat

“ДЕПУТАТЛАР ИШЛАМАЙДИ”МИ…ЎЗИМИЗЧИ?

Кўпчилик юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда ҳаётнинг оғирлиги, газ, свет таъминотида тез-тез узилишлар бўлаётганлиги, ғарб ва ривожланган капиталистик давлатларда иш ҳақи юқорилиги ва ҳаёт тарзининг юксаклиги ҳақида тинмай ёзишади.

Лекин ривожланган давлатларнинг аҳолиси шу даражага етгунга қадар не-не машаққатларни енгиб ўтганлиги тўғрисида ҳар ким ҳам билмайди.

Навбатдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига ўтказиладиган сайловга қишлоқларда яшовчи юртдошларимизнинг анчагина қисми эътиборсизлик қилаётгани аянчли ҳолдир.

Баъзилар учун сайлов натижасининг қизиғи йўқдек, ўта бефарқ кайфиятда бўлмоқдалар. Бу эса сайловга илк бор қатнашаётган фарзандларимизнинг шижоатини сўндиришга сабаб бўлмоқда. Яна кимдир сайловда ўз номзодларини қўйган партияларни “қўғирчоқ” партиялар деб жар солмоқдалар.

Майли, унда ўша фикрни билдираётган кишилар истаган партияга аъзо бўлиб, ўша партияни кучли партиялар сафига олиб ўтиши мумкин-ку. Бунинг учун биз ўзимиз фаол бўлишимиз лозим. Бугун ўзимиз ишонч билдирган номзодга овоз бериб, эртага улардан ҳам фаол бўлишини талаб қилишимиз лозим. Ана шунда жамиятимиз ўзгаради.

Шундай экан, ўзимиз бугун ҳаракат қилмасак, эртага “депутатлар ишламайди” деб дод солганимиз бефойда.  22 декабр куни сайлов жараёнида қанчалик фаол бўлсак,  сайловдан кейинги  жамиятимиздаги ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам асос яратган бўламиз.

Бахтиёр Дустқобилов

Related Articles

Back to top button