Kasbim-faxrim

Шифокорга тажовуз учун алоҳида жавобгарлик керак

Афсуски бемор ва унинг қариндошлари томонидан тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айниқса, бу тез тиббий ёрдам ходимлари ҳиссасига кўпроқ тўғри келмоқда.

Биргина 2019 йилнинг ўзидаёқ тиббиёт ходимларига нисбатан 300 дан ортиқ ана шундай тажовузлар қайд қилинган экан. Аммо улардан фақат 40 тасида тиббиёт ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишган холос.
Афсуски бировга ёрдамга шошган тиббиёт ходимларига ўзларининг соғлиғига атайин зарар етказилганида ҳозиргидек эътибор қилмадик.

Короновирус эпидемиясига қарши кураш бизга уларнинг кўрсатаётган фидойилиги ва меҳнатларининг аслида қанчалик муҳим эканлигини англаш имкониятини берди.

Тиббиёт соҳасини янги босқичга олиб чиқган буюк аждодимиз Абу Али Хусайн ибн Синонинг илмий изланишларини уша даврда ҳам “даҳрий”ликка йўйиб қувган, азоблаган одамлар кўп бўлган экан.

Бироқ қийинчиликларга қарамай Ибн Сино беморларни даволаш билан бир қаторда 450 дан ортиқ (бизгача 240 таси етиб келган) асарлар ёзган бўлиб, шундан 50 дан ортиғи (бизгача 30 таси етиб келган) тиббиёт соҳасидаги илмий асарларни ташкил этган. Унинг асарлари хозирда ҳам Европа университетларида фан сифатида ўқитилади. Шунингдек, У қомусий файласуф Аристотелга қиёсланади. Бир сўз билан айтганда, Ибн Сино тиббиёт қироли, у инсоният тарихидаги буюк тиббиёт олимларидан бири бўлган. Айрим манбаларда “медицина” сўзи “мадад” ва “сино” сўзларидан олинганлиги айтилади.
Кишини ўйлантиради, қийинчиликларни енгиб чиқа олмаган қанчадан-қанча Ибн Синолар ўтган экан тарихда?!

Юртимизда бундан ўн аср аввал яшаган нафақат Ибн Сино балки уша даврда табибнинг илмий изланишига кун бермаган айрим одамлар ҳам бизнинг ота боболаримиз-ку аслида, аммо биз ҳам улардек йўл тутишга ҳаққимиз йўқ.

Бу фикрлар муаммони бўрттириб юборгандек туюлиши мумкин, лекин тиббиёт ходимларига нисбатан қилинган битта тажовуз ҳам жиноят! Бу соҳа вакилларига алоҳида эътибор, алоҳида ҳимоя ва шароитлар керак.

Тиббиётнинг буюк вакилидан қолган илмий меросга энг ҳақли халқ сифатида ундан унумли фойдаланаётган тиббиёт ходимларини қўллаб қувватласак замонавий тиббиётда ҳам бировга қарам бўлмаймиз. Акс холда, хорижий канал бошловчилари томонидан “ўзбеклар коронавирусга қарши вакцина ихтироси устида ишлаётган экан. Одатда ўзбекларда “ош дамлаш” ўхшар эди, буни ҳам кўрамиз, нима бўлар экан?” дейилган гапларига яна минг йил индамай юраверишга тўғри келади.

Шу боис, муҳофаза нуқтаи назаридан биз аввало тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўз касбий мажбуриятларини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилишга нисбатан алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш масаласини ҳал этиб беришимиз шарт.

Афсуски ўтган йили кўп муҳокамаларга сабаб бўлган шу мазмундаги қонун лойиҳаси бир қатор депутатларнинг эътирозлари сабабли Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибидан чиқариб юборилган эди. Оқибатда Қонун лойиҳаси ҳамон боши берк кўчада турибди.

Лойиҳада тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича касбий мажбуриятларини амалга ошираётган, шу жумладан, биринчи санитар-тиббий ёрдам кўрсатиш, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимларига ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш йўли билан қўрқитиш орқали тажовуз қилганлик учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгилаш кўзда тутилган эди.

Нима бўлганда ҳам ўз мажбуриятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг аниқ механизмлари яратиш мақсадида ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кун тартибига қайтарилиши керак.

Умид қиламанки, янги сайланган депутат ҳамкасбларим ва жамоатчилигимиз буни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Таджиев

Related Articles

Back to top button