Madaniyat

Дилкушо ҳикоятлар

Хусрав I нинг вазири Бузургмеҳрдан инсон учун энг зарур нарса нима, деб сўраган эканлар,у:

-Туғма зеҳн-деб жавоб берибди.

-Туғма зеҳн бўмаса-чи?-дея сўрасалар:

-Одоб ва илм ўргансин,-дебди.

-Ўрганолмаса-чи?-деб сўрасалар:

-Мол-давлат, зер-зевар орттирсин, бу ҳам кўп айбларни беркитади,-дебди.

-Эплолмаса-чи?

-Унда сертавозе ва серилтифот бўлсин, бу ҳам одамнинг зийнати.

-Бу ҳам қўлидан келмаса-чи?

-Унда бундай тирикликдан ўлган афзалроқ, ҳам одамлар ундан қутулади, ўзи ҳам ўзидан қутулади.

Буқрот илми ҳикматда равнақ топиб, шуҳрати оламга ёйилгандан кейин узлатни ихтиёр этибди ва бир ғорга кириб, ўша ерда яшай бошлабди. Бир куни подшоҳ хасталаниб қолибди ва Буқротни олиб келгани одам юборибди.

                                                *  *  *

Буқрот подшоҳнинг илтимосини рад этибди. Шундан кейин вазирнинг ўзи Буқротнинг ҳузурига боришга мажбур бўлибди. Вазир бундай разм солиб қараса, Буқрот ўт-ўландан либос қилиб, турли гиёҳларни тамадди қилиб юрибди.

Вазир Буқротни подшоҳ қасрига таклиф этибди.

Буқрот шундай дебди:

-Мен одамларнинг дастидан қочиб, узлатни ихтиёр қилдим. Минбаъд подшоҳларга хизмат қилмасликка аҳд этдим.

Вазир қанча ялинса ҳам, Буқрот сўзидан қайтмабди.

Вазир ундан ранжибди ва масхаромуз:

-Подшоҳларга хизмат қилиш қўлингдан келганда гиёҳ еб ўтирмас эдинг!-дебди.

Шунда Буқрот кулиб:

-Гиёҳ ейишни уддалаганингда сен ҳам подшоҳларга хизмат қилмас эдинг!-дебди.

Мухаммад Авфий

Related Articles

Back to top button