Hodisalar

Тўра Боболов: бозорлардаги вазият назората олинган. Нарх-навонинг асоссиз оширилишига йўл қўйилмайди

Жорий йилнинг 11 март куни Президентимизнинг коронавирус пандемиясини ортиқча талафотларсиз ўтказиш бўйича бўлиб ўтган йиғилишидаги топшириқлари асосида ҳукумат томонидан ҳозирда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Кеча, 15 март куни Бош вазир иштирокида ўтказилган мажлис ҳамда брифингда ҳам бу ҳақда батафсил ахборот берилди.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳри ва туманлардаги марказий деҳқон бозорларида бўлиб, нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кўрилаётган чоралар билан яқиндан танишмоқда.

Жумладан, Термиз шаҳридаги “Яшил дунё” марказий деҳқон бозорида бўлган вилоят ҳокими харидорлар ва сотувчилар билан суҳбатлашиб, ваҳимага берилмаслик, нарх-навони асоссиз оширмаслик, озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамлангани ҳақида гапирди.

Бозордаги вазиятни жиддий назоратга олиш, нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўриш, вазиятдан фойдаланиб қолишга уринган тадбиркорларнинг “бойиши”га йўл қўймаслик тўғрисида тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Азиз воҳадошлар!

Деҳқон бозорлари ва дўконлар пештахталаридан маҳсулотларни истеъмол меъёридан кўп ҳажмда харид қилиш ва бунинг оқибатида нархларнинг ошиб кетишига омил яратиш каби хавотирлар ўринсиздир.

Вилоят ҳокимлиги томонидан бозорлар ва савдо дўконларидаги вазият доимий асосда назоратга олиб борилмоқда. Солиқ органлари ва прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан биргаликда махсус штаб тузилган бўлиб, бирорта бозор, бирорта савдо дўкони, бирорта овқатланиш шохобчасининг ёпилишига ҳамда нарх-навони асоссиз оширилишига йўл қўйилмайди. Термиз шаҳр ва туманлар марказларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилади.

Озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамланган. Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулоти билан ўзини-ўзини таъминлай оладиган мамлакат. У сиёсий ва иқтисодий барқарор давлат сифатида ҳар қандай шароитда ҳам ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга қодирдир.

Агар айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига гувоҳ бўлсангиз, вилоят Давлат солиқ қўмитасининг (76) 223-29-64, прокуратура ҳузуридаги департаментнинг эса (76) 224-00-69 рақамли “Ишонч телефони”га  мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Related Articles

Back to top button