O`zbekiston

“МИРШОДИ”ДА НИМА ГАП?

Президентимиз раислигида 2020 йил 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Олтинсой тумани «Миршоди» маҳалласида 906 нафар, Бойсун тумани «Тўда» маҳалласида 504 нафар фуқароларимиз оғир аҳволда яшаётганини очиқ ойдин таъкидланган эди.

Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг сайёр хизмат кўрсатишга мўлжалланган мобил автобуси Миршоди томон йўлга чиқди. Мақсад қишлоқ аҳолисига давлат хизматлари олишга бўлган талабини жойида қондириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича яратилган шароит ҳамда давлат хизматлари кўрсатишга оид янгиликлардан уларни хабардор қилиш эди.

Баҳорга хос ёмғирли об-ҳаво бўлишига қарамай ташрифимиздан хабар топган одамлар бир зумда биз томон ошиқишар экан аввало, улар мобил автобусда яратилган шароит ва имкониятлардан лол қолганликларини яшириб ўтиришмади.

“Бундан уч-тўрт ой илгари яхши ният билан фарзандим учун қурган уй-жойни кадастр ҳужжатларини олиш учун Олтинсой туман давлат хизматлари марказига борганимда, у ерда яратилган шароитларни, интизомли иш тартибини кўриб масалам тезда ҳал бўлганидан роса хурсанд бўлгандим. Қаранг, бугун маҳалламизга келиб ўзлари давлат хизматларини кўрсатишмоқда. Бунақасига шу пайтгача гувоҳ бўлмагандим. Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб шунча олис йўлдан келишгани, тез ва сифатли хизмат кўрсатишгани қирққа яқин ҳамқишлоқларимизни анчагина йўл босиб туман марказига боришдек ташвишдан холос қилди”,- дейди миршодилик Абдумўмин Бобожонов.

Давлат хизматлари кўрсатиш билан бирга, шу куни вилоят адлия бошқармаси, Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси, вилоят Бош вазир қабулхонаси раҳбарлари ҳамда туман ҳокими иштирокида фуқаролар билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди. Учрашув давомида аҳолининг мурожаатлари кўриб чиқилиши билан бир қаторда, томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экаинларини экиш, балиқчилик, асаларичилик, пиллачилик билан шуғулланишлари бу борада қонунчиликда мавжуд бўлган имтиёзлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Ўзаро мулоқот ва савол-жавоблар асносида маълум бўлдики, Миршоди маҳалласи аҳолисининг томорқа ерлари унумдор бўлиб, энг муҳими оқар сув билан яхши таъминланган бўлиб бу ўз-ўзидан одамларга ердан унумли фойдаланиш имконини яратади. Фақат бунинг учун қишлоқ аҳолисига озгина кўмак бериш аниқроғи, уларга ишни йўлга қўйиб олишлари учун яратилган шароитлардан хабардор бўлишларини таъминлаб, моддий кўмак бериш керак. Шу мақсадда учрашув давомида масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Яқин келажакда аҳолини ишбилармонликка ўргатиш орқали, турмуш даражасини яхшилаш ва моддий фаравонлигини ошириш, Юртбошимиз томонидан миршодиликларни келгуси тақдирини ўйлаб билдирилган ташвишли фикрларга ечим бўлиб хизмат қилади.

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

Related Articles

Back to top button