Hodisalar

ЎЗБЕКИСТОНГА НЕГА КОРОНАВИРУСНИНГ ТИШИ ЎТМАЯПТИ ЁХУД СИРЛИ ВИРУС ҲАҚИДА БИЛМАГАНЛАРИНГИЗ

2019 йилнинг декабрида Хитойдан бошланган коронавирус «васвасаси» бугунга келиб бутун дунёни қамраб олди. Ушбу эпидемия бугун дунёда катта ўзгаришларни содир этаётган бўлсада, ваҳимага тушишга ҳожат йўқ.

Коронавирус бутун дунё ОАВлари бош қаҳрамонига айланганига, эпидемия Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан халқаро миқёсдаги фавқулодда вазият сифатида тан олинишига қарамай, Ўзбекистонда ушбу вирусни юқтирганлик ҳолати қайд этилгани йўқ. Бироқ бу хотиржамликка асос бўла олмайди, чунки мазкур вазиятда вируснинг мамлакатга четдан кириб келиши хавфи ошмоқда.

Шу муносабат билан бугун, 10 март куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги(АОКА)да Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан республикада коронавирус инфекцияси профилактикаси ва вирус кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот-анжумани ўтказилди.

Ваҳима тезлиги коронавирусдан ўзиб кетмоқда

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг қайд этишича, мамлакатда сўнгги пайтларда коронавирус билан боғлиқ, аҳоли ўртасида ваҳима кўтарилишига сабаб бўлаётган миш-мишлар кўп тарқалмоқда. Бу ҳолат эса ҳатто вирусдан кўра хавфли, дейди у.

«Мана ҳар куни бир ваҳимали хабар чиқяпти, гоҳ у вилоятда коронавирус «аниқланди», дейилса, гоҳ бу вилоятда «аниқланган» бўляпти. Халқимизда «Касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади», деган гап бор. Бу коронавирус тўғрисидаги ўзбекни матали. Бу касалликни бекитиб бўлмайди, ҳеч қайси мамлакат буни бекита олмайди. Шу ўринда халқимиздан миш-мишларга ишониб, ваҳимага берилмасликни сўрардим. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам шундай ҳолатга қарши кескин кураш олиб бормоқда. Сизлардан (ОАВ вакилларига мурожаат қилмоқда, муаллиф.) ҳам бунда ёрдам сўраб қоламиз», — деди вазир.

Шодмоновга кўра, коронавирус эпидемияси Ўзбекистонда бошланиши эҳтимолидан келиб чиққан ҳолда, даволаш учун мўлжаланган дори воситалари захиралари тайёрланган. Ушбу вирус пневмонияга олиб келиши, пневмонияда эса нафас олиш оғирлашиши юз бериши туфайли, сунъий нафас олиш аппаратлари ҳам етарлича ғамланган.

Қолаверса, Ўзбекистон Ҳукумати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус касаллиги бўйича доимий таҳлил ва мониторинг олиб борилмоқда. Ҳар кунги статистик маълумотлар махсус ташкил этилган штабда таҳлил этилиб, шундан келиб чиққан ҳолда зарур профилактик ва чеклов чоралари бўйича тавсиялар ишланмоқда ва татбиқ этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус статистикаси соат сайин ўсиш томонига ўзгармоқда.

Бугун, 10-март санасига кўра COVID-19 онлайн-статистикаси ва динамикаси қуйидагича:

беморланиш сони: 113 739 (+3 705 янги ҳолат суткасига) ;

ўлимлар сони:  4 016  (+360 янги ҳолат суткасига) ;

соғайишлар сони:  63 663  (+3 003 суткасига).

Бунда тинчлантирадиган томони — эпидемия пайтида қандай дори билан даволаш савол остида бўлган бўлса, ҳозирги кунда кўрсатилган муолажалар натижасида дунё бўйича 64 мингдан зиёд беморлар даволанган. Олимлар тез орада унга қарши вакцина ишлаб чиқишни режалаштирганлар.

Коронавирус қачон одамни ўлдиришдан тўхтайди?

Тадбирга иштирок этган спикерлардан бири — соғлиқни сақлаш ва эпидемиология соҳасида халқаро эксперт, Америка Микробиология жамияти аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов дунёдаги эпидемик вазиятга тўхталар экан, интернетда мавжуд турфа маълумотларга қарамай, гап зооноз турига мансуб инфекция ҳақида бораётганини тушуниш нақадар муҳимлигига эътибор қаратди.

«Зооноз турига мансуб инфекция нима дегани? Бу бизга эмас, кўршапалакларга хос касалликдир. Вирус организмга келиб тушгач, одамга қараб: «О, бу беўхшов ҳужайра-ку. Беўхшов ферментлар, беўхшов субстратлар, беўхшов адаптация механизмлари», — дейди ва қўлига лом олиб ҳужайрани буза бошлайди. Вируснинг вазифаси ўзига ўхшашни яратиш. Аммо навбатдаги инсон организмига тушгач, унда мослашувчанлик ошади, адаптация яхшиланади. Шу тарзда, балки юзинчи, балки миллиончи пассажда —  вирус «ўзимизникига» айланади ва у ўз хўжайинини ўлдиришдан тўхтайди», — дея тушунтиради у.

Ҳар қандай эпидемия — бу исталган давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими учун ўзига хос чақириқдир, аммо бундан ваҳимага тушиш керак эмас, қўшимча қилади эксперт.

«Хоҳ Германия, хоҳ Франция, ёки мана, гувоҳи бўлиб турганингиздек, ушбу эпидемияни жиловлай олмаган Италия соғлиқни сақлаш тизими бўлсин — бу ҳатто энг қудратли давлатлар учун жиддий чақириқ. <…> Лекин бугун вазият ўзгармоқда. Ушбу вирусни юқтирган олтмиш тўрт мингдан зиёд киши даво топди. Мана куни кеча хитойлик эпидемиолог дўстим менга юз ёшдан ошган беморга стационардан уйига жавоб берилгани, яъни кекса инсон ҳам ушбу дарддан даво топгани ҳақида ёзибди. Шу боис, ваҳимага тушишдан ҳожат йўқ, вазият нормаллашса ҳаммаси яхши бўлади», — деб ишонч билдиради Фаворов.

Коронавируснинг тиши нега Ўзбекистонга ўтмаяпти?

Профессор шунингдек, Марказий Осиё давлатларида биронта ҳам коронавирусга чалинганлик ҳолати нега ўз тасдиғини топмаганлиги юзасидан изоҳ бериб ўтди.

«Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Қаюмович билан турли версияларни муҳокама қилдик. Бунда ҳавонинг қуруқлигидан тортиб бошқа турли сабаблар санаб ўтилди… Айтганча, Авиценна (Абу Али ибн Сино) исириқ ҳақида — ушбу ўсимлик хонадонда тутатилса, юқумли касалликларнинг олдини олиши мумкинлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Албатта, бу гапим юзларингизда табассум зоҳир қиляпти, лекин биз сизлар билан шу бугун фактнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбекистон ушбу вирус қайд этилмаган ягона давлат эмас. Шу билан бирга мамлакатда бу инфекциянинг олдини олишга қаратилган улкан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар бўйича ҳатто катта анжуман ўтказиш мумкин», — деди у.

Вирусдан ҳимоя чоралари

Коронавирусни юқтириб олмаслик шартлари энг кўп бериладиган саволлардан бири бугун. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов фуқароларга оддий тавсияларга амал қилишни маслаҳат беради.

Биринчидан – хорижга чиқишга эҳтиёж йўқ бўлса, сафарни кейинга қолдириш ёки вақтинча чиқмаслик керак.

Иккинчидан — одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойларга бормаган маъқул.

Учинчидан — қўлни тез-тез ювиш талаб этилади.

Шодмонов шунингдек, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро тадбирлар ЖССТ тавсиясига биноан бекор қилинаётгани, аммо мамлакат ичидаги тадбирлар токи вирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаган экан, чекланмаслигини айтиб ўтди.

Ниқоб вирусдан сақлайдими?

Профессор Михаил Фаворов ниқобнинг вирусдан ҳимоялаш хусусияти ҳақида тўхталар экан, у фақат беморланган инсон томонидан тақилганидагина фойдали бўлишини таъкидлади.

«Касал одам ниқоб тақса, бу самара беради. Яъни, у шу йўл билан бошқаларни вирус юқишидан асраган бўлади. Агар уйингизда кимдир бемор бўлса, унга ниқоб тақинг. Мисол учун, менга ниқоб тақиш бефойда, чунки (соқолига ишора қилади) соқолим бор. Тавсиялар шундай, соқол мавжуд бўлган тақдирда, ниқоб ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ниқоблар айрим маълумотларга кўра 20 дақиқагача, айрим маълумотларга кўра эса 3 соатгача иш беради. Бу борада баҳслашмоқчимасман, лекин мен сил касаллигида ниқоблар 20 дақиқагача иш берганлигини кўрганман. Ундан кейин ниқоб хўл бўлади ва инфекцияларни ўтказа бошлайди. Бир хиллар ниқобни душанба куни тақиб, жума кунигача унда юради ва ўзича мени ниқоб вирусдан ҳимоя қилаяпти, деб ўйлайди. Бу жуда даҳшатли», — деди профессор.

Эксперт: Марказий Осиёда очлик муаммоси йўқ, лекин «тўқлик муаммоси» пайдо бўлган

Коронавирус – дунёдаги энг даҳшатли касаллик эмас

Ер юзида бундан ҳам даҳшатлироқ эпидемиялар юз бериб туради.

Дейлик, ОИТС ва ОИВ йилига 2 миллионга яқин инсон умрига зомин бўлади. Коронавирус авж олгач икки ой давомида юз берган ўлим ҳолати 1000га яқин бўлган бўлса, бутун дунёда авж олган, матбуотда берилаётган кундалик хабарлар ваҳимаси чиндан касалликдан ўзиб кетди.

Ёки очарчилик балосини олайлик. Бир кунда дунё бўйича 24000 нафар атрофида инсон оламдан бевақт кўз юмади, шулардан 18 минг нафари 5 ёшгача бўлган норасидалардир.

Очлик оқибатида бойлар ўлмайди ва шу сабабли бу ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Related Articles

Back to top button