Hodisalar

Шоир Азим Суюн 72 ёшида вафот этди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизматининг хабар беришича, бугун 9 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Азим Суюн оламдан ўтди.

Азим Суюн 1948 йилнинг 22 февралида Самарқанд вилоятининг Нукурт қишлоғида дунёга келган.

Ўрта мактабдан сўнг Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факултетига кириб ўқиган. Унинг ижоди 60-йилларнинг охири ва 70-йиллар бошида бошланган бўлиб, «Менинг осмоним» (1978) номли биринчи шеърлар тўплами билан китобхонларга танилган.

Шундан буён шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламлари ва бир қатор достонлари чоп этилди. Жумладан, «Зарб» (1979), «Замин тақдири» (1981), «Хаёлот» (1984), «Зиё кўли» (1986), «Жавзо» (1987), «Олис тонглар» (1989), «Куйганим-суйганим» (1992) каби шеърий гулдасталари ўқувчиларнинг севимли китобларига айланган. Айниқса, унинг «Сарбадорлар» фожиаси, «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ёки Иморат» каби достонлари машҳурдир.

Шоир «Ўзбекистон» достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги биринчи халқаро мукофотга (1991) сазовор бўлган. Унинг бир қатор шеърлари, шеърий туркумлари, китоблари, рус, инглиз, турк, қозоқ, тожик каби ўнлаб тилларга таржима қилинган.

Марҳумнинг вафоти муносабати билан унинг оила-аъзоларига таъзия билдирамиз.

Related Articles

Back to top button