O`zbekiston

Навоий кон-металлургия комбинати замонавий компанияга айлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Мазкур мажмуа мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхонасидир. Бу ерда олтин, уран, нодир металлар, қурилиш ва дастгоҳсозлик саноати учун зарур маҳсулотлар, кенг турдаги халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилади. Комбинат юртимиздаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг 18 фоизини таъминлайди. Унда 54 мингдан зиёд ходим ишлайди.

Навоий кон-металлургия комбинати хомашё ресурсларининг ҳажми бўйича жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчилар орасида учинчи ўринда туради. Лекин активларининг қиймати хорижий компанияларникига нисбатан анча кам.
Масалан, ҳозирги кунда комбинатнинг баланс қиймати 1,3 миллиард доллар бўлса, шу даражадаги хорижий корхоналарнинг бозор нархи 11 миллиард долларни ташкил этади.

Шу боис НКМКни замонавий компанияга айлантириш мақсад қилинган. Давлатимиз томонидан бу борада комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури изчил амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 2017-2019 йилларда 1,2 миллиард доллар маблағ эвазига 8 та объект ишга туширилган. Натижада охирги уч йилда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 фоиз, кумуш олиш 37 фоизга ошган.

Ўтган ойда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада Президентимиз Навоий кон-металлургия ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатлари каби йирик саноат корхоналарида янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бирга ушбу корхоналарни халқаро молия бозорининг тўлақонли иштирокчисига айлантириш лозимлигини таъкидлаган эди.
Йиғилишда шу борадаги режа ва чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Навоий кон-металлургия комбинатининг таркибий тузилмасини такомиллаштириш, корпоратив ошкораликни татбиқ этиш, ҳисоб-китобларни халқаро стандартларга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

2026 йилга қадар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 94 тоннага етказиш, бунинг учун 4 миллиард долларлик 40 та лойиҳани амалга ошириш кераклиги таъкидланди. Жумладан, лойиҳа қиймати 525 миллион доллар бўлган янги конни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Комбинатнинг бугунги кундаги 3,7 минг тонна олтин захираси халқаро стандартлар асосида баҳоланиб, корхона балансида акс эттирилиши зарурлиги белгиланди.

Давлат геология қўмитаси ва Молия вазирлигига захираларни баҳолаш ишлари ҳамда молиявий ҳисоботларни халқаро меъёрларга ўтказиш вазифаси қўйилди. Конлар захираси ва камайиши тўғрисидаги ҳисоботлар, қазиб олиш лойиҳалари бўйича маълумотларни Австралия кодекси (JORC Code) асосида тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Навоий кон-металлургия комбинатининг корпоратив еврооблигацияларини чиқариш масаласига тўхталиб ўтилди.
Корхона раҳбари ва вазирлар юқоридаги вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан ҳисобот берди.

Related Articles

Back to top button