Hodisalar

Расмий муносабат

Олтинсой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати ижтимоий тармоқ ва сайтларда тарқалган хабар ва видеоларда акс этган аҳоли ва ИИб ходимлари ўртасидаги зиддиятли ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга “амнистия” эълон қилинди. Шу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди. Бу ҳам ўзбошимчалик билан қурилган иморат эгаларига давлатимиз томонидан кўрсатилган эьтибор,меҳр-оқибат намунасидир.

Олтинсой туманининг “Халқобод” маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса “амнистия” муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган.

Конституциямизда белгиланганидек, ер умуммиллий бойлигимиздир. Юртимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20,2 млн гектар ернинг атиги 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади. Сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар 24 фоизга (0,23 га дан 0,16 гача) камайган. Бунда айрим шахслар томонидан қонунларни очиқчасига бузган ҳолда ерларни эгаллаб олиш ҳолатларининг ҳам таьсири бор, албатта.

Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг ҳозир олди олинмаса, қишлоқ аҳолиси бандлигини, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таьминлашдек стратегик ўта муҳим масалаларда муаммолар юзага келиши табиий ҳолдир.

Шу нуқтаи назардан Олтинсой туманининг “Халқобод” маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ўзига тегишли бўлмаган суғориладиган экин майдонларида рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний бинолар албатта бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган заҳира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади. Ушбу ҳудудга борган комиссия аьзолари ҳам ўзбошимчалик билар қурилган уйларни буздириш учун эмас, асл ҳолатни ўрганиш учун борган.

Айтиб ўтиш жоизки, Ҳукуматимизнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарорида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг ҳам қопланиши лозимлиги қайд этилган. Шуни унутмаслигимиз керакки, бунда компенсация фуқароларга қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаларидаги мулклар “снос”га тушганида, унда жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун тўланади, холос. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун компенсация тўланмайди. Яъни ер эгаллаб олинган ҳеч бир ҳолатда компенсация тўланмайди.

Ушбуни инобатга олиб, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиздан қонунни бузган ҳолда ўзига тегишли бўлмаган ерда уй-жой қуриб олган фуқаролар муаммосини “снос” сифатида баҳоламасликларини, аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига, уларда ишончсизликни шакллантиришга олиб келадиган ушбу мазмундаги маълумотлардан фикрлари чалғимаслигини, ҳолатни ортиқча эҳтирос билан ҳаспўшламасликни сўраймиз.

Related Articles

Back to top button