O`zbekiston

Интенсив боғ, токзор ва иссиқхоналар аҳолига лизинг ва кредитга берилади

“Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди (52-сон, 30.01.2020 й.).

Қарорга мувофиқ, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар қурилади ҳамда аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида берилади.

Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ишлари агентликлар ва Жамғарма томонидан, шунингдек, агентликлар билан келишилган ҳолда бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Интенсив боғ ёки токзорлар – улар ҳосилга киргунча қадар (турига кўра) имтиёзли давр билан, иссиқхоналар – 1 йиллик имтиёзли давр билан лизинг олувчига 7 йилгача муддатга лизингга берилади ҳамда тижорат банклари томонидан кредит ажратилиши мумкин.

Қарор билан Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ташаббускорлар мурожаати асосида туман ҳокимлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан талабгорларнинг дастлабки рўйхати шакллантирилади.

Рўйхат шакллангач, туман ҳокимлиги тегишли агентликларга ёки Жамғармага ёзма мурожаат қилади.

Агентликлар, Жамғарма икки ой муддатда интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани ташаббускорга лизинг ёки кредит шартлари асосида бериш учун лизинг ташкилотини ёки тижорат банкини аниқлайди. Лойиҳани тасдиқлаб, туман ҳокимлигига тақдим этади.

Шу асосда, туман ҳокимлиги томонидан 10 кун муддатда интенсив боғ, токзор барпо этиш учун 10 гектардан, иссиқхона қуриш учун 3 гектардан кам бўлмаган ер майдони 10 йил муддатга вақтинча фойдаланиш шарти билан ажратилади.

Related Articles

Back to top button