Бу қизиқ

Божхоначилар 2019 йил давомида салкам 5 млрд. сўмлик пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди

Республикамиз божхоначилари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши қаратилган тезкор-чора тадбирлар кечаю кундуз давом эттирилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ҳамда давлат хавфсизлик хизмати идоралари вакиллари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлардан қиймати 164 млн. сўмдан зиёд бўлган 390 дона пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Жиззах вилояти божхоначилари томонидан Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги “Матиз” автомашинаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада автомашина салонида хеч кандай хужжатлари бўлмаган 20 минг 400 дона номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Самарқанд шаҳрида ҳам божхоначилар байрам қувончига путур етказиши мумкин бўлган 500 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди.

Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролардан бири бошқарувидаги “Spark” автомашинаси кўздан кечирилганида, унинг салонига 28 минг 800 дона пиротехника воситалари ортилгани аниқланди.

Қашқадарё вилояти божхоначилари томонидан Қарши шаҳрида ва Чироқчи туманида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида салкам 92 минг дона пиротехника воситалари яширина сақланаётганлиги фош қилинди.

Мўмай даромад илинжида пиротехника воситаларини республикамизга олиб киришга ва пуллашга уринаётган бу кимсалар аслида ўз қилмишлари билан юртдошларимизнинг байрам қувончини тортиб олишмоқда.

Янги йил. Оила даврасида фарзандар қуршовида, шоду хуррамликда нишонланадиган байрам.

Аммо, пойтахтимиздаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига келтирилган мана бу 7 ёшли болакай ва унинг ота-онаси учун бу йил байрам татимади.

Қаровсиз қолдирилган болакайнинг пиротехника воситасидан ўзбошимчалик билан фойдаланиши натижасида кўнгилсиз ҳодиса рўй берди.

Шундай экан, ён-атрофимизда, кўча-кўйда пиротехника воситаларини сотаётган, улардан фойдаланаётганларни кўриб қолсак, шунчаки томошабин бўлиб ўтишга ҳаққимиз йўқ.

Модомики бугун, ҳозироқ бу каби иллатларга, ҳуқуқбузарликларга кўз юмар эканмиз, янги йилни шифохонада қаршилаётган юқоридаги болакайнинг қисмати сизу бизнинг фарзандларимизда ҳам такрорланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари томонидан 2019 йил давомида аниқланган 311 та қонунбузарлик ҳолатларида қиёмати 4 млрд. 947 млн. сўмлик 4 млн. 356 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилди.

Related Articles

Back to top button