Коррупцияга қарши курашиш-давр талаби

Коррупция жамиятнинг иқтисодий ва бошқа негизларига жуда катта зарар етказиши сабабли мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши ҳақида белгиланган.
Ушбу моддада, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар:
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда иштирок этиши;
коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;
коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ушбу моддада назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Миллий кенгаш ва ҳудудий кенгашлар фаолиятида, шунингдек давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоат-маслаҳат органлари фаолиятида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этади” деб белгилаб қўйилган.
Демак, коррупцияга қарши курашишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг иштирок этиши ҳам қонун билан белгиланган.
Хулоса шуки, қонунлар ҳақида етарли тушунчага эга бўлиш барчамизнинг маънавий бурчимиз ҳисобланиб, ушбу ҳолат қонунийликни таъминлашга ва коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят
ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




