Madaniyat

“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ВАКИЛИ (БОЛАЛАР ОМБУДСМАНИ)”

Ўзбекистон  Республикаси Конституциясида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти  эканлиги белгиланган.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 29 февралдаги 917-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) фаолияти тартибга солинган.

Мазкур қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолияти билан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шаклларини ва воситаларини тўлдиради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштиришга ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади, фуқароларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга ёрдамлашади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ҳисобдордир.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил гувоҳномадан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.

Қонун талабига кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари ўртасида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликни тушунтириш;

бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш;

аҳолининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ўрганиш;

бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига татбиқ этиш масалаларини ўз ваколатлари доирасида ўрганиш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятида бола ҳуқуқларининг таъминланишини ҳамда ҳимоя қилинишини мониторинг қилиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, боланинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланишига кўмаклашиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ва уларнинг ҳимоя қилиниш ҳолати тўғрисида жамоатчиликни хабардор этиш;

ногиронлиги бўлган болалар, шунингдек етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлаганидан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

тарбия муассасаларини тамомлаган, уй-жойга муҳтож бўлган етим болаларнинг, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг аниқ мақсадли коммунал турар жой фондидаги санитария, техник нормаларга ҳамда қонунчиликнинг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жойлар билан таъминланишига кўмаклашиш;

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш, боланинг манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш, шу жумладан бола ҳуқуқлари ва эркинликлари масалаларига оид халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятда иштирок этиш;

давлат ҳокимияти органларининг ва республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, фуқаролик жамияти институтларининг бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришга тавсиялар ва хулосалар бериш орқали кўмаклашиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ушбу Қонун боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, боланинг камситилишига йўл қўймасликка, боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга, болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини таъминлашга, бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

 

Сурхондарё вилоят суди  судьяси                                    С.Х.Рахимов

Related Articles

Back to top button