Kasbim-faxrim

Суднинг мустақиллиги ва судьянинг мустақиллиги тушунчасининг фарқли томонлари

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган экан бу борада судьялар зиммасига юкланган ўта муҳим вазифа — одил судловни оғишмай амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва судьянинг мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг муҳим шартларидан биридир.

Шу ўринда “суднинг мустақиллиги” ҳамда “судьянинг мустақиллиги” каби тушунчаларни бир-биридан фарқлашимиз лозим. Биз биламизки, суднинг мустақиллиги деганда, Ўзбекистонда одил судловнинг фақат суд органлари томонидан, бошқа ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан ва жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда амалга оширилиши тушунилади. Судьянинг мустақиллиги деганда эса, унинг фақат қонунга бўйсунган ҳолда, хеч қандай аралашув ва тазйиқларсиз, кимларнингдир талаблари ёки фикрларидан мустақил ҳолда судлов фаолиятини амалга ошириши тушунилади.

Ушбу фарқлардан келиб чиқиб, “мустақиллик” тушунчаси суд тизимида икки хил мазмун касб этади:

– институционал мустақиллик;

– индивидуал мустақиллик.

Уларнинг ҳар иккиси шуни тақозо этадики, суд ҳокимияти, судьялар, уларнинг таркибий қисмлари бошқа бирор оммавий ҳокимиятга бўйсунмаслиги керак.

Институционал мустақиллик шуни англатадики, судьялар суд ҳокимиятнинг ҳар қандай бошқа тармоғидан мустақил, яъни улар ҳеч қандай бошқа давлат органларига, жумладан, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятга бўйсунмайди ва улар олдида жавоб бермайди. Барча бошқа давлат муассасалари суд ҳокимияти қарорларини ҳурмат қилиши ва уларга риоя қилиши керак.

Суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги судьяларнинг бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан, оддий фуқаролар ва ҳаттоки, бир суд доирасидаги судьялар ёки юқори инстанция судьяларидан мустақиллигини англатади.

Судлов органлари мустақиллигининг асосий принципларида, давлат органлари, бошқа институтулар ва хусусий шахслар судьяларни мажбурлаш ёки уларни мауйян қарорлар чиқаришига оғдириш йўлида босим кўрсатишдан тийилишлари шартлиги кўрсатилган.

Мазкур қоидадан келиб чиқиб, суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги судьяларнинг бошқа республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахсларидан мустақиллиги, судьяларнинг суд раисларидан мустақиллиги, судьяларнинг юқори турувчи суд судьяларидан мустақиллиги, суд ҳайъатларида судьянинг бошқа судьялардан мустақиллиги, судьяларнинг бошқа ҳар қандай фуқаролардан мустақиллиги каби белгилар билан тавсифланади.

Юридик адабиётларда ҳам судьяларнинг мустақиллиги тўғрисида турли фикр ва мулоҳазалар мавжуд. Хусусан, олим ва ҳуқуқшунос Н.Г.Юркаевичнинг фикрича, судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга буйсуниши демократик ҳуқуқий давлат қуришда муҳим аҳамиятга эга, қаерда судья бўйсунувчан бўлса, у ерда суд ҳокимияти мавжуд бўлмайди.

Йон Ньюманнинг таъкидлашича эса, мустақил судга хизмат қилувчи шахс ўзига мустақил шахс сифатида қараши керак. Судья ўзи тўғрисида “мустақил” шахс ҳақида гапиргандай гапириши ҳамда давлат ҳокимияти вакилларининг хатти-ҳаракати ва суд тизимининг мустақиллигига хавф солувчи хатти-ҳаракатларни диққат билан кузатиб бориши лозим.

Фикримизча, олимлар томонидан билдирилган ушбу фикрлар юқорида айтиб ўтганимиздек, судьянинг ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳоли фаолият юритиши, бунинг учун қонунда белгиланган барча имкониятлардан кенг фойдаланиши лозимлигини ва пировард натижа – мамлакатимизда одил судлов тўлиқ рўёбга чиқарилишини англатади.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси Ф.Мирзақулов

Related Articles

Back to top button